Кондиционер

Хонани совитишнинг энг эффектив усули. Лекин бу техникадан тўғри фойдаланилмаса, кўпгина зарарли ҳолатларга сабаб бўлиши сир эмас.

Совуқ ҳаво ҳароратининг инсон учун меъёри – 18 даража. Кўчада 40 даражадан ошиқ ҳарорат бўлса-ю, хонадаги ҳароратни 18 даражадан пасайтириб юборсангиз, бу саломатлик учун яхши оқибатларга олиб келмайди.

Кондиционердан чиқаётган совуқлик оқими тўғридан тўғри танага урмаслиги керак. Доимий равишда совуқ ҳаво оқими таъсирида бўлиш иммунитет пасайишига олиб келади.

Вентилятор

Иссиқдан сақланишнинг арзон ва оммабоп бу усули хонанинг ўзидаги ҳароратни шамол орқали етказади холос. Агар хонадаги ҳарорат 35 даражадан юқори бўлса, вентиляторни ўчириб қўйган маъқул. Чунки бу ҳароратда унинг иссиқ шамоли инсон терисини қуритиб, сувсизлантириб қўйиши мумкин.

Вентилятордан фойдаланганда шамол йўналишига қараб музли баклажкалар қўйилса, хонага салқин шамол пуркайди.

Бу техникаларни харид қилишга қурби етмаган аҳоли қатлами нима қилади? Электр энергиясида узилиш бўлганда-чи?

Иссиқ кунда иссиқ чой

Ўзбек халқи азалдан ёзнинг иссиғида ҳам қайноқ чой ичишни канда қилмайди. Айниқса кексалар орасида бу удум кенг тарқалган. Иссиқ ҳавода иссиқ чой қанчалик мутаносиб?

Мутахассисларга кўра, иссиқ чой тана ҳароратининг совишига хизмат қилар экан. Ичилган чой инсон танасини ичдан иситади ва кўпроқ тер ажралиб чиқишини таъминлайди. Тер ажралиши, яъни моддалар алмашинуви натижасида эса инсоннинг тана ҳарорати совийди. Лекин унинг ўрнини тўлдириб туриш, тана сувсизланиб қолишига йўл қўймаслик керак.

Албатта, бу ерда гап ўта қайноқ чой эмас, меъёрий даражадаги иссиқ чой ҳақида кетмоқда.

Деразаларни очиш

Бу чора ташқаридаги ҳаво ичкаридагига нисбатан салқинроқ бўлгандагина ёрдам беради. Агар ташқарида хонадан кўра иссиқ бўлса, деразаларни очмаган маъқул. Уларни куннинг иссиқ пайтида оқ мато ёки чойшаб билан тўсиб қўйиш тавсия этилади.

Агар қуёш нурлари тўғридан тўғри хонага тушиб, уйни ҳаддан ортиқ иситиб юбораётган бўлса, деразага фольга қоғозни ёпиштириш ҳам мумкин. Бу усул дераза орқали қуёшдан келаётган иссиқни қайтаради.