Жамият | 12:45 / 09.07.2021
27459
3 дақиқада ўқилади

Экология қўмитаси иккинчи айиқни овлаш бўйича рухсатномани бекор қилмагани маълум бўлди

Бугун, 9 июль куни Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг биринчи мажлиси ўтказилди. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда танқидга кўп дуч келувчи соҳалар бўйича Экология қўмитаси ҳам тилга олинди. Унда Тяншан қўнғир айиғининг овланиши ортидан жамоатчилик эътирози туфайли иккинчи рухсатнома бекор қилиниши, Эколог инспектор ва ОАВ вакилларининг «Ғофур Ғулом» номли истироҳат боғига киритилмагани, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги йирик дарахтлар кесилгани каби масалаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбирда сўз олган Экология қўмитаси вакили Севара Давлатова бу мавзулар бўйича жавоб берди.

«Тяншан қўнғир айиғини овлаш бўйича иккинчи рухсатнома бекор қилинмаган. Фақат жамоатчиликда кучли эътироз бўлгани туфайли вақтинча тўхтатиб қўйилган. Дарахтлар кесилишига келсак, экология бошқармаларининг бу борадаги хулосалари умумий жараёндаги бир бўғин, холос. Яъни экология бошқармаси рухсат берган тақдирда ҳам дарахтларни кесиш ёки кесмаслик, қачон, қай тартибда кесиш бўйича қарор маҳаллий ҳокимиятлар томонидан чиқарилади. Таклифимиз, дарахтлар кесиладиган ҳудудга ҳокимият ўз режаларини кўрсатиб берувчи, яъни дарахтлар қай тартибда ва нима мақсадда кесилишини билдирувчи маълумотномалар осиб қўйсин», дея Севара Давлатованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, май ойида «Қизил китоб»даги қўнғир айиқ Экология қўмитаси раисининг рухсати билан Тошкент вилоятида россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган, бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. Айримлар Экология қўмитаси раисининг истеъфосини талаб қилганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг айтишича, Экология қўмитаси раиси билан бўлган ушбу воқеа ва унга жамоатчиликнинг реакцияси янги фармонга ов қилиш, рухсатнома ва йўлланма бериш, унинг тўловлари тўғрисидаги барча маълумотларни доимий равишда очиқлаб бориш талабини киритишга туртки бўлган.

«Дастлаб лойиҳада ов қилиш билан боғлиқ очиқланиши лозим бўлган маълумотлар банди йўқ эди. Яқинда қўнғир айиқнинг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеадан кейин аҳоли орасида катта резонанс берди. Шунга кўра ижтимоий аҳамиятга молик лицензияларнинг эгалари, рухсат берувчи ва олувчилар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиб борилувчи рўйхатга ов қилиш билан боғлиқ лицензияларни ҳам киритдик.

Лицензияга алоқадор ҳолатлар жуда кўп. Ер қаъридан фойдаланганлик учун рухсат олиш керак, текширилганда қайсидир давлат идораси раҳбари томонидан оғзаки “рухсат” асосида ишлаб келаётганини ҳам кўрдик. Фармон билан шу каби лицензиялар ҳақидаги маълумотларни очиқлаш мажбурияти юкланади. 1 июлдан бошлаб бу ҳам очиқланиши керак», деганди у Kun.uz’га берган интервьюсида.

Мавзуга оид