Душанба куни дунё агентликлари маҳаллий расмийларга асосланган ҳолда «Толибон» ҳаракати вакиллари Ғазни вилояти маркази - Кобулдан жануби-ғарбда жойлашган Ғазни шаҳрини ўраб олгани, шаҳар атрофидаги ҳудудларда жанглар кетаётгани ҳақида хабар тарқатди.
«Ғазнидаги вазият жуда оғир. Толиблар турар жойларга яшириниб олиб ҳукумат кучларини ўққа тутишмоқда, бу эса ҳукумат кучларининг толибларга қарши ҳаракатларини жуда қийинлаштирмоқда», дея Ғазни вилояти кенгаши аъзоси Ҳасан Ризоийнинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.
Ғазни Кобулдан жанубга, Қандаҳор ва Покистон чегарасига элтувчи йўл бўйида жойлашган. Бу йўлда Қандаҳор шаҳри учун ҳам жанг олиб борилмоқда.
«Сўнгги тўрт кун давомида толиблар ғарбдан Қандаҳорга ҳужум қилмоқда. Афғон хавфсизлик хизмати кучлари, махсус бўлинмалар уларни ортга қайтаришга уринмоқда», дея парламентнинг собиқ депутати, ҳозирда жангларда иштирок этаётган Ҳамидзай Лалайнинг сўзларини келтиради Reuters. Афғонистон мудофаа вазирлиги толибларга авиазарбалар берилгани ва қуруқликда ҳам ҳарбий амалиёт ўтказилаётганини маълум қилган. Вазирлик Қандаҳордаги вазият ҳукумат назоратида эканига ишонтирган.
Якшанба куни ҳукумат кучлари авиация ёрдамида Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилояти маркази Толуқон шаҳрида толибларга ҳужум уюштирганди.
Бир неча кун олдин толиблар Туркманистон билан чегарадаги Бодғис вилояти маркази Қалъаи Навга киришган, аммо ҳукумат ҳарбийлари уларни бу ердан ҳам сиқиб чиқаришган.
Ҳозирча толиблар бирор вилоят марказини қўлга олишнинг уддасидан чиқишмади, аммо вилоят марказлари атрофи шиддат билан ўраб олинмоқда, шунингдек, нисбатан кичик шаҳарлар, қишлоқлар ва бутун туманлар уларнинг назоратига ўтмоқда.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг июнь ойидаги ҳисоботида «Толибон» Афғонистон ҳудудининг йирик шаҳарлардан ташқаридаги 50-70 фоиз қисмини ва туманлар марказларининг 57 фоиз қисмини назорат қилаётгани айтилганди.
Афғонистон: 20 йиллик урушнинг 10 саволига жавоб
Апрель ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден Америка ҳарбийлари 11 сентябрга қадар Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилишини маълум қилгач, толиблар мамлакатнинг турли нуқталарида ҳужум бошлаганди.
Душанба куни Кобулда АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик урушининг якунини ифодаловчи маросим ўтказилди: Американинг ушбу мамлакатдаги контингентига қўмондонлик қилган генерал Остин Миллер расман бу лавозимни бўшатди.


















