Ўзбекистон | 14:36 / 14.07.2021
16001
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда уйи бузилиши керак бўлган оила аъзолари ва уларнинг қариндошлари МИБ ходимларини ёқиб юбормоқчи бўлди

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти Яккабоғ шаҳрида суд қарорига кўра ноқонуний қурилган уйи бузилиши керак бўлган оила аъзолари ва уларнинг яқин қариндошлари МИБ ходимларининг устига бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судининг 2019 йил 20 сентябрда қабул қилган ижро варақасига асосан Н.М.га тегишли бўлган Яккабоғ шаҳри Жамбул кўчасидаги уйнинг ер майдонида фуқаро Н.У. томонидан ўзбошимчалик билан қурилган 6 хонадан иборат иморатнинг 59 метр квадрат ер майдонидан ташқари қисмини мажбурий тартибда буздириш белгиланган. Ушбу ижро варақаси МИБнинг Яккабоғ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ишини юритиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Қайд этилишича, давлат ижрочиси томонидан шу хонадонда яшаб келаётган Н.У. ва унинг оила аъзоларига мазкур суд қарори ижросини ихтиёрий равишда бажариш юзасидан ёзма ва оғзаки огоҳлантириш хатлари берилган. Бироқ фуқаро Н.У. томонидан суд қарори ижроси ихтиёрий бажарилмагани сабаб иморатни мажбурий тартибда буздириш юзасидан бир неча марта ижро ҳаракатлари тайинланган. Аммо мажбурий ижро ҳаракатларида иштирок этиши лозим бўлган тегишли ташкилот вакиллари қатнашмагани учун ижро ҳаракатлари ортга сурилиб келган.

Таъкидланишича, ноқонуний қурилган иморатни мажбурий тартибда буздириш юзасидан давлат ижрочилари ва мажбурий ижро ташкилотлари вакиллари борганда Н.У., унинг турмуш ўртоғи М.Р., ўғли М.Т. ҳамда яқин қариндошлари Ж.Т. ва А.Т. қаршилик кўрсатган. Улар икки дона 1 литрлик елим идишга солинган бензинни ходимларнинг устига сепиб, ёқиб юборишга уринган.

2021 йил 12 июль куни мазкур ҳодиса юзасидан фуқаро Н.У. ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар туман прокуратурасига юборилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид