Ўзбекистон шаҳарлари бугунги кунда қандай ривожланяпти? Давомий қурилишлар шаҳарсозлик сиёсати асосида амалга ошириляптими? Оммавий қурилишлар ва бузилишлар нега бош режа асосида қилинмаяпти?

Kun.uz аниқ режасиз ривожланаётган шаҳарлар, йўллар, жамоат транспорти, қурилишлар ва ижтимоий тенгсизлик каби мавзуларда архитектор Таxмина Турдиалиева ва "Яшил қурилиш" соҳаси мутахассиси, халқаро эксперт Темурбек Аҳмедов билан суҳбатлашди.

"Ҳокимият тизимида ижодкорлик кам, тизим қотиб қолган"

— Тахмина, биринчи саволни сизга бермоқчиман. Сизни мамлакатдаги иқтидорли архитекторлардан бири сифатида биламиз, қатор танловларни ютгансиз. Ва шу туфайли сиз 2020 йилда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг қурилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлангандингиз. Кейинроқ эшитдикки, бу вазифадан кетгансиз. Нима бўлди ўзи, иш жараёни сизни қониқтирмадими ёки бошқа сабаблар борми?

— Ўзимнинг орзу-мақсадларимни у ерда амалга оширолмаслигимни тушундим. Чунки касбим ижодкорликни талаб этади. Ҳокимиятда ишлаш қизиқарли, менга вилоят ҳокими билан ишлаш ёқди. Аммо у ерда ижодкорлик жуда кам. Ҳар доим архитектор сифатида қобилиятимни ривожлантиришни истаганман, нафақат республика, балки дунё миқёсида тан олишларини хоҳлайман.

Ҳокимиятда ишлаб архитектор сифатида ривожланишим қийин масала, чунки у ерда ижодкор эмас, масъул лавозим эгаси сифатида танилишим мумкин. Ҳокимиятда ижодкорлик кам, тизим қотиб қолган. Бир ўзим қурилиш масалалари маслаҳатчиси сифатида тизимни ўзгартиролмайман, деган хулосага келдим. Лекин курашиб қандайдир ўзгартириш киритишим мумкин эди, лекин унга жуда кўп энергия ва йиллар керак бўларди.

— Бугун Самарқанд шаҳрининг қиёфасига афсуски ҳавас қилиб бўлмайди. Шаҳар жуда тартибсиз бўлиб ётибди. Сиз бир муддат шу вилоятда ишлаб кўрган кадр сифатида бу ҳолатнинг сабабларини қандай изоҳлаган бўлардингиз? Нега Самарқанд бунчалик тартибсиз жойга айланди?

— Самарқанд шаҳрини чиройли шаҳар, деб биламан. Шаҳарнинг асосий таркибий қисми бино эмас, у ердаги рельеф ўзига хос, табиий бойликларига эга. Хусусан, менга тепаликларда жойлашган қабристонлари ажойиб пейзаж яратгани ёқади