Феврал ойида бошланган «обнал иши» ҳамон солиқ органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги баҳсларнинг муҳим мавзуси бўлиб қолмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 2021 йил феврал ойида 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклаган эди. «Обнал иши» солиқ реформалари ҳақида жар солинаётган даврда энг баҳсли вазият сифатида тарихда қолмоқда.
«Asaxiy.uz» лойиҳаси асосчиси, тадбиркор Фируз Aллаев «обнал иши» туфайли солиқ органи билан юзага келган ҳолат, ҚҚС можаросида бошидан ўтказганлари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди. Тадбиркор Kun.uz'га ундан 57 миллион сўм солиқ асоссиз ундирилганини маълум қилди.
«Солиқчилар далилларга қарамай, пулни ундирди»
— Сизларга Бухоро вилояти солиқчилари билан бўлган муаммо ҳақида ёзмоқчиман. Ўтган йили апрелда, карантинда, ҳамма уйда қамалиб қолганда транспорт муаммоларига қарамасдан, интернет-дўконлар фаолият юритишди. Ходимларимизга раҳмат, баъзилари 8 соат эмас, 18 соат ишлаб беришди.
Ўша вақтда ходимларини масофадан ишлашга ўтказгани учун расмий ташкилотлардан бири 200 дона планшет сўраб, мурожаат қилди. Планшетларга нисбатан талаб ошиб кетган, 200 дона планшет топиш имконияти деярли йўқ эди. Шунда биз интернет орқали бир планшет сотадиган инсонни топдик. У бизга 200 дона планшетни пул ўтказиш йўли билан сотишга рози бўлди. Ундан фирманинг маълумотларини олиб, солиқ сайтидан текширдик. Фирма базада “яшил” турибди, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Демак, муаммо йўқ. Планшетларни олиб, етказиб бердик ва қўйилган фойдадан ҚҚСнинг ўзимизга тегишли қисмини тўладик.
Лекин, яқинда бошланган ҚҚС муаммоси бизни ҳам четлаб ўтмади. “Яшил” рўйхатда бўлишимизга қарамасдан, ўша шартнома бўйича бизни камерал назоратга қўйишди. Нариги фирма ҚҚС тўламаган экан ва уни жазолаш ўрнига ҚҚС миқдорини биздан ечишга қарор қилишибди.
Бухоро вилояти солиқ қўмитасига ҳисоб фактураси, шартнома, юк хати ва планшетларни сотиб олган ташкилотдан ҳам хатлар тақдим этилди. Вазиятдан келиб чиқиб, ўзим расмий хат билан Солиқ қўмитасига мурожаат қилдим.
Лекин шунда ҳам улар ўз позицияларини ўзгартиришмади ва хоҳлаганимни қилишимни, барибир пулни ечишларини маълум қилишди.








