«АҚШ, НАТО ва Туркиянинг Ҳамид Карзай аэропортидаги вазифалари нимадан иборат бўлади, бу ерда нималарни қабул қиламиз-у нималарни қабул қилмаймиз – биз ҳозир бу ҳақда бир қарорга келдик», деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған жума куни Диёрбакирда журналистлар билан бўлган суҳбатда.

Аввалги баёнотлар билан бир қаторда, ушбу чиқишдан Туркиянинг Афғонистон пойтахти Кобул аэропортида қолиш масаласи қатъийлашгани англашилмоқда.

Бироқ ҳали маълум бўлмаган ёки жамоатчиликка маълум қилинмаган кўплаб тафсилотлар мавжуд.

Айни пайтда «Толибон» сешанба куни эълон қилган баёнотида Туркиянинг Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қадамларини «жирканч» деб таърифлади. «Бу қарор шошилинч қарордир ва у суверенитетимиз, ҳудудий яхлитлигимиз ва миллий манфаатларимизга зиддир», дейилади мазкур баёнотда.

«Толибон»нинг жавоби нимани англатади?

Толибларнинг чет эллик ҳарбийларга қаратилган баёнотини Анқара «Бу ерда биз хўжайинмиз» деган маънода қабул қилмоқда.

Сешанба куни тўғридан тўғри Туркия нишонга олинган баёнот ҳам ушбу баёнотларнинг давоми сифатида талқин қилинмоқда.

Анқара бу муаммони «Толибон» билан музокараларда бартараф этиш мумкинлиги ва ушбу миссия толибларга қарши эмас, балки фақат аэропорт хавфсизлигини таъминлашгагина қаратилганини таъкидламоқда.

Айни масалада маълумот берган Туркия хавфсизлик ходими АҚШ чиқиб кетганидан кейин толиблар халқаро миқёсда тан олинишга уриниши, бунинг учун улар Россия, Эрон ва Хитой билан музокаралар бошлаганликлари, шунинг учун ҳам улар тажовузкор муносабатда бўлмасликларини таъкидлади: «Тўғри, улар америкалик аскарларни босқинчи, деб билишади. Аммо бизнинг алоқамиз бор, улар бизда босқинчилик мақсади йўқлигини билишади. Бу рамзий баёнотлардир. Орқа фонда халқаро ҳамжамиятга қаратилган «Бизнинг айтганимиздан бошқа ҳеч нарса бўлмайди» деган хабар бор. Шунинг учун Туркияга нисбатан тажовузкор муносабатда бўлинади, деб ўйламаймиз».

Турк дипломатик манбалари ҳам бу миссия «афғон халқи манфаати учун» эканлигини таъкидламоқда: «Толибон»нинг мамлакатдаги барча чет эллик аскарларнинг кетишига муносабати яхши маълум. Аммо афғон халқи олдида турган жиддий гуманитар инқироз шароитида кўриб чиқилаётган вазифа барча афғон халқи манфаати учун эканини таъкидлашда давом этади».