Меҳнат сафари билан республика вилоятларига жуда кўп борганман. Йўлларнинг умумий аҳволи, йўл белгиларининг талабга жавоб бермаслиги, тунги вақтларда ёруғлик қайтармаслиги, йўлларни таъмирлаш чоғида белгиланган масофаларда огоҳлантирилмаслиги, дабдурустдан жуда яқин масофа қолганда, йўлнинг бир қисми ёпиқ эканига дуч келиш ҳоллари кўп бўлган. Аллоҳ асраб, абжирлик қилиб, транспорт воситасини қаршингиздаги тўсиндан олиб қочсангиз, хўп-хўп, афсуски, шу тўсинлар неча-неча инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.

Йўл чизиқларининг аҳволи ҳақида гапирмай қўя қолган маъқул. Чизиқлар кўринмаслигини қўя турайлик, уларнинг стандарт талабларига жавоб бермаслигини қандай изоҳлаш мумкин?

Биз Тошкент шаҳридаги айрим шохкўчалар ва мавзелар орасидаги йўллар ҳамда М39 халқаро автомобил йўлининг Жиззах вилояти ва Самарқанд вилояти Жомбой туманидан ўтувчи айрим қисмлари аҳволи мисолида йўллар мавзусига яна бир бор эътибор қаратишни истадик.

Даставвал пойтахтнинг серқатнов кўчаларидан бири бўлган Бунёдкор шохкўчасига диққат қаратмоқчимиз.

Кўпчиликка маълум, Бунёдкор шохкўчасининг “Чилонзор”, “Мирзо Улуғбек” ва “Новза” метро бекатлари жойлашган чорраҳаларида кўприклар барпо этилди. Бу яхши, барака топишсин. Лекин, бу кўприкларнинг устига чизилган сидирға чизиқлар 3 хил стандартда десам, ишонасизми?

Унда қуйидаги тасвирларга эътибор қилинг-а. Кетма-кет келадиган уч кўприк устига чизилган сидирға чизиқларнинг узунлиги уч хил. Чилонзор чорраҳасидаги кўприк устига чизилган сидирға чизиқ салкам 200 метр, “Мирзо Улуғбек” чорраҳасидаги кўприкка чизилган чизиқ нақ 670 метр, “Новза” чорраҳасидаги кўприк устидаги чизиқ 370 метр. Бунда “Мирзо Улуғбек” кўпригидаги 1.1 сидирға чизиқ ҳаддан ортиқ узун чизилганки, Чўпонота кўчасига бурилмоқчи бўлган ҳайдовчи кўприкка етмасдан анча олдинроқ ўнг чекка қаторни эгаллаши лозим. Акс ҳолда, у сидирға чизиқни босиши аниқ.

Хўш, йўл белгилари сифати ва ётиқ йўл чизиқлари хусусида мутахассис нима дейди? Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров йўл белгилари ва йўл чизиқлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

“Мен мутахассис ва ҳайдовчи сифатида айтишим мумкинки, йўлларнинг аҳволи, тўсатдан учраб қоладиган чуқурликлар, йўл белгилари, йўл чизиқлари талабга жавоб бермайди. Автомактабларда йўл белгилари ва йўл чизиқлари йўл ҳаракати иштирокчиларининг “мулоқот тили” деб ўқитилади. Йўл белгиси етишмаса, йўл чизиғи нотўғри чизилган бўлса, ҳайдовчи ўша жойда йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқариш эҳтимоли бўлади.