Инсоният умрининг узоқлигига авваламбор уни ўраб турган атроф-муҳит, иқлим, ирсият, турмуш тарзи, ҳар хил касалликлар каби омиллар бевосита таъсир кўрсатади.
Дунёда яшаётган одамларнинг ўртача ёши ўтган асрнинг бошларида 35 ёшни ташкил қилган бўлса, замонавий тиббиётнинг ва янги технологияларнинг ёрдами туфайли бугунги кунда ушбу кўрсаткич 72 ёшни ташкил этмоқда.
Одамзот азалдан ўлат, вабо, чинчечак, полиомиелит каби юқумли касалликлар билан касалланган ва катта талафотлар кўрган.
Инсоният янги минг йилликка қадам қўйган бир даврга келиб, юқорида кўрсатиб ўтилган ўта хавфли юқумли касалликлар батамом тугатилиб, уларнинг ўрнига одамлар илгарилари кўрмаган ва билмаган янги, кўплаб ўлим берадиган, ўта хавфли вирусли касалликлар пайдо бўлмоқда.
Ер шарида атроф-муҳитнинг, иқлимнинг ва аҳоли турмуш тарзининг ўзгариши, аҳоли зичлиги, миграцион жараёнларнинг фаоллашуви баъзи бир вирусли юқумли касалликларнинг дунё бўйлаб эпидемия, пандемия тарзида кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг башоратига кўра, 2050 йилга бориб, дунё аҳолисининг сони 10 миллиардга етади, бу эса ўз навбатида аҳоли орасида миграция ва урбанизация жараёнларини янада тезлаштиради.
Ўтган йилдан буён давом этаётган Covid-19 инфекциясининг пандемияси инсоният тарихида халқаро аҳамиятга эга бўлган ўта хавфли фавқулодда вазият сифатида тан олинди.
Табиатда ва жамиятда янги-янги вирусларнинг пайдо бўлиши, одамлар орасида тарқалиши ва касаллик чақириши бу табиий ҳолат. Инсоният ва жаҳон тиббиёти эса ушбу касалликларга қарши курашишга, уларнинг олдини олишга ҳар доим тайёр турмоғи лозим.
Covid-19 пандемияси бутун дунё соғлиқни сақлаш тизими олдига ўта муҳим ва жиддий муаммоларни қўйди.
Covid-19 пандемияси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади, бизнинг мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция тарқалди. Республикамизда эпидемиологик вазият нисбатан турғун бўлишига қарамай, дунёдаги таҳликали вазият, вирусларнинг янги-янги штаммлари пайдо бўлиши, зудлик билан ушбу касалликнинг олдини олишни тақозо қилади.
Covid-19 инфекциясига қарши курашишнинг энг самарали усули бу аҳолини ушбу касалликка қарши оммавий эмлаш. Ўзбекистонда жорий йилнинг 1-апрелидан бошлаб аҳолини бепул, оммавий эмлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ўзбекистонда оммавий эмлаш уч хил вакцина билан амалга оширилмоқда, ушбу вакциналар: ZF-UZ-VAC 2001, СПУТНИК V, AstraZeneca. Учала вакцина ҳам клиник синовлардан ўтказилган.











