Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференция тадбирларида иштирок этаётган Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини қабул қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди давлатимиз раҳбарига Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий кооперация лойиҳалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб минтақа кун тартибидаги масалалар ҳамда август ойининг бошида Туркманистонда ўтказиладиган навбатдаги Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди.

Президент Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари юксак баҳоланди.

Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг 6 август куни “Аваза” миллий туризм зонасида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.

Афғонистонда қарор топаётган мураккаб вазият юзасидан фикр алмашилди.