16 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференция доирасида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлини қабул қилди.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон раҳбари Туркия билан муносабатларнинг самарали ва жадал руҳини мамнуният билан қайд этди. Икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқоти дўстлик ва стратегик шериклик ришталарини мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда.

Мавлуд Човушўғли Ўзбекистон президентига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Учрашувда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Ушбу мамлакатда мустаҳкам тинчликка эришиш ва унинг иқтисодиётини тиклаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев халқаро конференция доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон раҳбари икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани - ўзаро мулоқот фаоллашиб, илк йирик инвестиция лойиҳалари, энг аввало энергетика соҳасидаги лойиҳалар илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Вазир Файсал бин Фархон Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади.

Саудия томони Ўзбекистон президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини кучайтириш борасидаги ўз вақтида илгари сурилган муҳим халқаро ташаббусларини, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмакни юксак баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидланди.