Ўзбек футболи ҳамон маҳаллий ҳокимликларга боғлиқ экани сир эмас. Аксар вилоятлардаги футбол ривожи вилоят етакчисининг футболга қизиқиш-қизиқмаслигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Футболга қизиқаётган ҳокимнинг бориши ўша ердаги футбол мухлисларини хурсанд қилади. Бироқ ҳоким футбол фанати бўлиши ўша ҳудудда футбол ривожланишига доим ҳам асос бўлавермайди. Чунки бир киши бутун тизимни яхшилаши қийин масала.
Хўш, Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилояти ҳокимлари Kun.uz билан суҳбатда футбол ҳақида нималар деганди?
Эркинжон Турдимов, Самарқанд вилояти ҳокими
Сурхондарё, Навоий ва эндиликда Самарқанд вилоятида ҳоким бўлиб ишлаётган Эркинжон Турдимов футболга бефарқ эмас. У ишлаган вилоятларда одатда футбол ривожланган. Масалан, айнан Турдимов вақтида Сурхондарёнинг «Сурхон» клуби қайта жонланди, «Қизилқум» ҳам доим юқори лигада ўйнаб келган.
Бироқ Самарқандда бундай бўлмаяпти. Чунки Турдимов Самарқанд вилоятига ҳоким бўлгач, вилоят олдига туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта вазифалар қўйилди ва ҳоким футболдан муҳим бошқа ишлар билан шуғулланмоқда. Шунингдек, Турдимов Самарқандга келгач, футбол клуби ҳокимият ҳисобида кун кўрмаслиги керак, деган тўғри қарор қабул қилди. Клуб ҳокимият ҳисобидан пул сарфлаб юқори дивизионда юргандан кўра, ўз кучи билан ёки ихтиёрий пул сарфлаётган ҳомий ҳисобига қуйи лигада юргани яхши аслида. Шунда жамоа ўз кучи билан юқорилаши мумкин.
Турдимовнинг айтишича, ҳатто Про-Лигада ҳам етакчилар қаторида бормаётган «Динамо»га ҳокимият балансидан бир сўм ҳам ажратилмаяпти. Клуб тўлалигича бош ҳомий «Agromir Buildings» таъминотида. Бу корхона раҳбари футболга бефарқ эмаслигини кўпчилик билади. Агар «Динамо» либосларида ва барча атрибутларида «Agromir Buildings» компаниясини реклама қилаётган ва бу жамоанинг миллионлаб мухлислари борлигини инобатга олсак, клуб ҳар йили 6-7 миллиард сўм сметасини меҳнат қилиб топяпти, дейиш мумкин. Яъни «Agromir Buildings» катта жамоа ўзини реклама қилаётгани учун пул тўламоқда.
Эркинжон Турдимов катта футбол катта маблағ талаб қилишини ва ҳозир ҳокимлик «Динамо»га катта пул ажрата олмаслигини, бундан муҳим ишлари борлигини айтди. Биз бу қарорни тўғри деб ўйладик, чунки қуйи лигада ҳокимлик пулларисиз ҳам аста-секин юқорилаётган Самарқанд клуби бир неча йилда ўз номини тиклаб олиши мумкин. Ўшанда эса жамоага янаям кўпроқ хусусий пул жалб қилиниши ва ҳокимликка юк бўлмайдиган яна бир яхши клубга эга бўлишимиз мумкин бўлади.






