Бу йилги ёз ўзгача келди. Тошкент шаҳрида июлнинг илк ҳафтасида охирги 150 йилликдаги айнан шу кунда қайд этилган энг иссиқ ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланди. Юз бераётган бу иқлим ўзгаришларига инсон фаолияти сабаб қилиб кўрсатилмоқда: атмосферага чиқариладиган газлар, тинимсиз қурилишлар, яшилликнинг йўқолиши, маиший чиқиндиларнинг оқилона бартараф этилмаслиги каби.

Алалоқибат юзага келган иссиқхона эффекти бугун инсониятга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Иссиқхона эффекти нима ўзи?

Қуёшдан келган иссиқликнинг Ер сатҳида жамланиб, димланиб қолиши иссиқхона эффекти дейилади. Яъни қуёшдан келган нурни Ер ҳам ўз навбатида атмосфера орқали коинотга қайтаради. Ушбу нурларнинг бир қисми коинотга чиқиб кетиш ўрнига одамлардан чиқарилган турли газларга ютилади. Унинг коинотга қайтиб чиқиб кетмаслиги оқибатида Ер юзи меъёридан ортиқ қизийди ва иқлимга таъсир кўрсатадиган иссиқхона қатлами ҳосил бўлади.

Натижада сутка мобайнида энг юқори ва энг паст ҳарорат орасида кам фарқ бўлади. Яъни одамлар ва табиат тунда ҳам кундузги каби иссиқ ва дим ҳаво таъсирида қолади. Бундай суткалик иссиқлик эса кескин исиш ҳодисасини келтириб чиқаради.

Аномал иқлим ҳодисалари – мувозанат бузилганининг белгиси

“Ўзгидромет” етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов Kun.uz мухбири билан суҳбатда “иссиқхона эффекти”нинг ҳосил бўлиши, жамиятга ва келажакка етказадиган зарари ҳақида гапирди.

— Тасаввур қилинг, челакда муздек сув бор. Ҳар ҳолда сув этни жунжитадиган даражада совуқ. Биринчи вазиятда, сувга қўлингизни аста тиқиш орқали, сув ҳароратини ўз баданингизга мослаштира олдингиз. Иккинчи вазиятда ўша челакдаги муздек сувни сизнинг устингизга тўсатдан сепиб юборишди. Сизда сесканиш ва ўта ноқулай вазият юзага келди. Сув ҳароратини икки хил вазиятда икки хил ҳиссиёт билан қабул қилишни ҳис қилдингиз...

Нега бу воқеани эсладим. Иқлим исишини тезлаштирадиган иссиқхона эффекти ҳосил қилувчи газлар ҳам тўсатдан сунъий равишда тез кўпайтирилмоқда. Аксига, унинг назорати, мувозанатини ушлаб туриш учун табиатнинг ўзига ҳам имкон қолдирмаяпмиз: ўрмонзорларни ёввойиларча йўқ қилиш, ерларни пала-партиш ўзлаштириш, дунё океанини ифлослантириш орқали табиатнинг ҳавога чиқарилаётган ифлос газ миқдорларини жиловлаш имкониятини чеклаб қўйдик.

Худдики, совуқ сувни сизни устингиздан бирдан қуйиб юборганда юзага келадиган ҳиссиётларни табиат учун ҳам яратиб қўйдик. Тушунинг, табиат бунга шунчаки тез мослаша олмайди, бу акс таъсирлар табиатда ҳам тўсатдан ҳаво оқимлари ҳаракатидаги мувозанатни бузиб, ҳудудларга хос бўлмаган аномал ҳодисаларни тақдим этишига олиб келаверади.