«Франс-пресс» агентлиги хабар беришича, 23 йил муқаддам Кобаяси ва яна бир комик скетч тайёрлашган, унда улар болаларнинг кўнглини олувчи актёрлар сифатида намоён бўлишган. Бу номер давомида бўлажак режиссёр қоғоз қўғирчоқларни кўрсатади ва дейди: «Сен Холокост ўйнашни таклиф қилган вақтдан буён улар бизда».

Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари Сэйко Хасимото режиссёрнинг ишдан олиниши бўйича қарорни унинг сўзлари «оғриқли тарихий фактлар» устидан кулиш бўлиб қолгани билан изоҳлади.

Бу ҳазил ҳақидаги видео интернетда айлана бошлагач, режиссёр истеъфо берди ва ўзининг ўша вақтдаги ҳаракатидан афсусдалигини билдирди. «Кўнгилочар шоу одамларда ёқимсиз ҳислар уйғотмаслиги керак. Мен бу аҳмоқона сўзларни айтишим нотўғри бўлганини тушунаман ва бунинг учун афсусдаман», деган Кобаяси.

Антисемитизмга қарши кураш ҳамда Холокост қурбонлари хотирасини абадийлаштириш билан шуғулланадиган яҳудийларнинг Визентал маркази ҳам ушбу ҳолатни эътиборсиз қолдирмади. «Ҳеч кимда, ҳатто ижодкорларда ҳам нацистларнинг геноциди қурбонлари устидан кулишга ҳуқуқ йўқ», дейди марказ вакили Абраҳам Купер.

Можаролар занжири
Очилиш маросими режиссёри ишдан кетгач Олимпиада ташкилотчилари бу ҳодисани қандай ўтказиш ҳақида бош қотиришмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли маросим иштирокчилари сони чекланган - фақат 950 киши қатнашиши мумкин.

«Маросим ўтказилишига жуда кам вақт қолганини ҳисобга олиб, Олимпиада иштирокчилари, Токиода яшовчилар ва япон жамоатчилигини хавотирга қўйганимиз учун узр сўраймиз», деган Хасимото.

Режиссёр атрофидаги можаро - Олимпиада ташкилотчилари вакиллари сиёсий жиҳатдан эҳтиётсизлик қилгани туфайли ишдан четлатилган биринчи ҳолат эмас.

Ҳафта бошида Токио Олимпиадаси очилиш маросими композитори болалигида синфдошлари устидан мунтазам равишда кулиб келгани маълум бўлгач ва у журналистлар билан суҳбатда бунинг учун афсусланмаслигини билдиргач, ишдан кетишига тўғри келганди.

Март ойида ўйинларнинг ижодий директори Хироси Сасаки япониялик комик ва модельер Наоми Ватанабе "оlympig" (яъни олимпия чўчқачаси) бўлиши мумкинлигини айтиб ҳазил қилгач, истеъфо берганди.

Йил бошида эса Токио-2021 Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбари Ёсиро Мори истеъфо берганди -  бунга унинг ташкилий қўмита таркибидаги аёллар ҳақида айтган сўзлари сабаб бўлган. Хусусан, Ёсиро Мори аёллар жуда кўп гапириши ва уларнинг иштирокидаги мажлислар жуда узоқ чўзилишини айтганди. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, аёллар ҳамиша йиғилишлар вақтида ўзаро рақобатлашган.