"Uzbekistan Airports" АЖ мамлакат аэропортлари яқинида атмосфера ҳавоси сифатини автоматик мониторинг қилиш тизимини жорий этмоқда.

Маълум қилинишича, Фарғонада станция ўрнатилди, Самарқандда шунга ўхшаш ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари якунланди. Келгусида бошқа аэропортлар яқинида ҳам станциялар ўрнатиш режалаштирилган.

Ҳаво ҳолатини кечаю кундуз кузатишга мўлжалланган ускуналар аэропортларнинг санитария-ҳимоя зоналари доирасида жойлаштирилади.

Станциялар ифлослантирувчи моддалар, жумладан, азот диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, озон, аммиак ва водород сулфид, шунингдек, майда ПМ2.5 ва ПМ10 заррачаларининг концентрациясини ўлчайди. Бир вақтнинг ўзида тизим ҳаво ҳарорати ва намлигини, атмосфера босимини, шамол тезлиги ва йўналишини қайд этади.

Ўлчаш натижалари автоматик тарзда Атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига узатилади.