11:23 / 23.07.2021
3638

Ҳелена Фрейзер «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг фахрий аъзоси бўлди

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер 2021 йил 22 июль куни мамлакатимиздаги миссиясини якунлади. 1 сентябрдан Фрейзер хоним БМТнинг Дастурлар ва сиёсат бошқармаси раҳбари, БМТнинг 132 мамлакатдаги агентликлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари сифатида янги лавозимга киришади (БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб квартирасида).

Ҳелена Фрейзер 2017-2021 йилларда Ўзбекистондаги фаолияти давомида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкилотчилари қаторида бўлди. Хусусан, у БМТнинг юқори даражадаги расмийлари ва донор давлатлар вакиллари иштирокида фонд расмий равишда ишга туширилишида муҳим рол ўйнади. Тўрт йил давомида фонд Европа Иттифоқи, Корея Республикаси ва Финландиянинг 20 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағларини жалб қила олди.

Ҳелена Фрейзер, шунингдек, БМТ тизимларининг Ўзбекистондаги конструктив иштирокини кенгайтиришга кўмаклашди, жумладан, унинг кўмагида Қочқинлар бўйича олий комиссарнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қайта фаолият бошлади, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди ҳамда Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтказилди.

Фрейзер хоним Ўзбекистондаги фаолияти мобайнида мамлакат ва президент Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари, ёшлар сиёсати, гендер тенглик, сўз эркинлиги ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш масалаларини такомиллаштириш бўйича илгари сурган ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлади.

«Ҳелена Фрейзер "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг фахрий аъзоси бўлди ва унга аъзолик сертификати тақдим этилди. Ҳаракат жамоаси Фрейзер хонимга самарали ҳамкорлик қилгани, кўплаб ғоя ва ташаббусларни, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдиради, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилайди!» деяилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.

Top