Жаҳон | 18:47 / 25.07.2021
8383
2 дақиқада ўқилади

Жефф Безос зарарли чиқиндиларни фазога жўнатишни таклиф қилди

Amazon ва Blue Origin компаниялари асосчиси, дунёнинг энг бой одами Жефф Безос фазодан туриб Ерга боққандан кейин сайёрамизга нисбатан ўз муносабати ўзгаргани, у Ердаги иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш истаги билан илҳомланганини маълум қилди.

Жумладан, миллиардер бунда саноатдаги зарарли чиқиндиларни фазога жўнатиш яхши ечим бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

“Бунга ўнлаб йиллар талаб этилади, бироқ катта ишлар кичик қадамлардан бошланади. Сиз сайёрага боққанингизда, бунинг чеки йўқ. У биз учун ягона ва жуда нозик. Атмосферага коинотдан боққанда, у қанчалик энсиз эканини ҳаттоки тасаввур ҳам қила олмайсиз”, деб айтган Безос.

Унинг таъкидлашича, коинот технологияларига инвестициялар келажак авлодларга ёрдам бериши мумкин.

“Фарзандларимиз ва уларнинг фарзандлари келажакни қура олиши учун коинотга йўлимизни давом эттиришимиз лозим”, деб қўшимча қилган миллиардер.

Безос 20 июлда ўзига тегишли Blue Origin компанияси ишлаб чиққан New Shepard кемасида фазога йўл олганди. Парвоз 10 дақиқадан кўпроқ давом этган. Экипаж аъзолари капсулада 107 кмлик баландликка кўтарилиб, Ер атмосфераси ва фазо ўртасидаги шартли чегара ҳисобланувчи Карман чизиғини кесиб ўтиб, сўнгра Ерга қайтган.

Мавзуга оид