DW хабарига кўра, Зеленский 21 октябр куни журналистлар билан онлайн мулоқотда АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткоффнинг сўнгги учрашувлари ҳақида гапирган.

«Бизга берилган маълумотлардан тушунишимизча, Россия жамоаларимиз даражасида уч томонлама учрашувни қўллаб-қувватламоқда. Америка томони буни имкон қадар тезроқ ўтказишни таклиф қиляпти, биз ҳам буни қўллаб-қувватлаймиз», — деган Украина президенти.

Зеленскийнинг фикрича, делегациялар музокараларининг асосий мақсади урушни тугатиш ва Украина, Россия ҳамда АҚШ президентлари учрашуви учун шароит тайёрлаш бўлади. Бироқ у буни ўз тушунчаси сифатида баён қилган.

Украина раҳбари Киев ўт очишни тўхтатиш, урушни якунлаш ва энергетика объектларига зарбаларни тўхтатишга қаратилган сулҳ таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Учрашув муддати бўйича эса томонларнинг баёнотлари фарқ қилмоқда. Зеленский аниқ санани билмаслигини, аммо музокаралар ноябр бошидан кечикмай ўтказилиши керак, деб ҳисоблашини айтган. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков эса Уиткофф билан музокаралардан кейин учрашув ноябрнинг ўнинчи саналари атрофида бўлиб ўтиши мумкинлигини билдирган.

Стивен Уиткофф 20 октябр куни Ослода Зеленский ва Украинанинг европалик иттифоқчилари вакиллари билан учрашган. Эртаси куни Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказган.

АҚШ махсус вакили муҳокамаларни «конструктив» деб баҳолаб, улар АҚШ, Россия ва Украина ўртасида техник даражадаги уч томонлама музокаралар шаклида давом эттирилишини маълум қилган.

Уч давлат делегациялари аввал ҳам Абу-Дабида икки марта ёпиқ музокара ўтказган. Биринчи босқич 23–24 январ, иккинчиси 4–5 феврал кунлари бўлиб ўтган.

5 февралда Киев ва Москва навбатдаги асирлар алмашинуви бўйича келишувга эришган. Бироқ томонларнинг силжиш ҳақидаги баёнотларига қарамай, Россиянинг Украинага қарши урушини тугатиш йўлида ҳал қилувчи натижага эришилмаган.