Африка саванна филлари — қуруқликдаги энг йирик сутэмизувчилар. Уларни тик ва ўрмонли тоғ ёнбағирларида тасаввур қилиш қийин. Бироқ A-Z Animals нашри хабарига кўра, Танзанияда мингтагача фил Удзунгва тоғларига кўтарилиб туради.

Бунинг сабаби озуқа ва сувнинг мавсумга қараб турли ҳудудларда ўзгаришидир. Қарийб икки минг метр баландликда ўсадиган бамбук қурғоқчилик пайтида филлар учун ишончли озуқа манбаига айланган. Тоғлардаги табиий тузли жойлар эса ҳайвонларни зарур минераллар билан таъминлайди.

Филлар ўнлаб йиллар давомида кўчиш чоғида Киломберо водийсини кесиб ўтган. Бироқ бу ҳудудда қарийб 50 йилдан бери қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлиб, ҳайвонларнинг ҳаракат йўлини сақлаш учун маҳаллий аҳоли билан келишишга тўғри келган.

2025 йил апрелида Танзания ҳукумати Ньерере — Удзунгва йўлагини мамлакатдаги қонун билан муҳофаза қилинадиган биринчи ёввойи табиат коридори сифатида тасдиқлаган. Унинг узунлиги тахминан 14 километр, эни эса 200 метрни ташкил этади.

Йўлак Ньерере миллий боғи ва Магомберо ўрмон қўриқхонасини Удзунгва-Маунтинс миллий боғи билан боғлайди. Бу ҳайвонларга муҳофаза этиладиган ҳудудлар ўртасида ҳаракатланиш имконини беради.

Лойиҳа ишлари 2023 йил ноябрида бошланган. Жанубий Танзания филларини муҳофаза қилиш дастури мутахассислари ҳамкорлар билан бирга йўлак бўйлаб 59 та фототузоқ ўрнатган.

Дастлабки 15 ойда камералар сутэмизувчиларнинг камида 1440 марта ўтишини қайд этган. Шундан 529 таси филларга тўғри келган. Йўлакдан буйволлар, серваллар ва асалхўр бўрсиқлар ҳам фойдаланган.

Лойиҳада иштирок этган 368 ер эгасининг ҳар бири йўлак учун 1000–2000 квадрат метрдан ер ажратган. Уларга жами қарийб 2,2 миллиард Танзания шиллинги — тахминан 880 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация берилган.

Расмийлар маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши, шунингдек, йўлакни сақлаш билан боғлиқ даромад келтирувчи лойиҳаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлишини ҳам билдирган.

Бироқ табиат ҳимоячилари бошқа ҳудудлардаги ҳайвонлар кўчиш йўлларини ҳам муҳофаза қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Лойиҳада иштирок этмаган Grumeti Fund вакили Жорж Лохайнинг фикрича, Танзаниянинг бошқа қисмларидаги шундай йўлаклар ҳам ҳуқуқий ҳимояга муҳтож.

Фототузоқлар натижалари Ньерере — Удзунгва йўлагидан ҳайвонлар фаол фойдаланаётганини кўрсатди. Бу тажриба қишлоқ хўжалиги ерлари орасида қолиб кетаётган бошқа табиий кўчиш йўлларини сақлаш учун ҳам асос бўлиши мумкин.