21 октябр куни кўрилган чоралар сайтларни эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя қилиш ва тизимларни янгилашга қаратилган. Жумладан, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда Германия Ахборот хавфсизлиги федерал идораси — BSI шундай чора кўришни қатъий тавсия қилган.
Германияда федерал IT-хизматлар провайдери ITZBund қатор ҳукумат сайтларини вақтинча ўчирган. Айрим шаҳарлар маъмуриятлари ва полиция бошқармалари ҳам тизимларни янгилаш учун онлайн хизматларини тўхтатган. Берлиндаги «Шарите» клиникаси сайти ҳам вақтинча ишламаган.
Германия Рақамлаштириш вазирлиги бу ҳаракатлар эҳтиёт чораси эканини таъкидлаган. Вазирлик маълумотига кўра, мазкур заифликлар билан боғлиқ хавфсизлик ҳодисалари ҳақида хабар келиб тушмаган.
Бошқа Европа давлатларида ҳам ўхшаш чоралар кўрилган. Франция Ички ишлар вазирлиги заифликлар бартараф этилгунига қадар префектуралар сайтларини, Белгия Ташқи ишлар вазирлиги эса ўз онлайн ресурсларини вақтинча ўчирган.
Нидерландияда Роттердам порти, Overheid ҳукумат портали, KNVB футбол ассоциацияси, бешта йирик сиёсий партия ва қатор шифохоналар сайтлари фаолияти тўхтатилган.
Хавфсизлик юзасидан огоҳлантиришлар Европадан ташқарида ҳам тарқалган. Япония бош вазири Санаэ Такаити сайт эгаларини PHP’дан фойдаланаётганини текшириш ва зарур янгиланишларни ўрнатишга чақирган. Буни тезкор амалга ошириш имкони бўлмаса, ресурсларни вақтинча ўчиришни тавсия қилган.
Заифликларни Calif ва Wiz компаниялари мутахассислари Google’нинг Gemini ҳамда OpenAI’нинг ChatGPT сунъий интеллект моделлари ёрдамида аниқлаган.
Wiz маълумотига кўра, ушбу заифликлар ўн йилдан ортиқ вақт давомида эътибордан четда қолган. Улардан фойдаланиш инсон учун жуда мураккаб бўлган, бироқ сунъий интеллект бундай вазифаларни бажариш ва кенг миқёсда такрорлашни осонлаштирмоқда.
PHP дунё бўйлаб кўплаб сайт ва онлайн хизматларнинг сервер қисмида қўлланади. Хабарда келтирилишича, муаммо 2004 йилда чиқарилган PHP 5ʼдан бошлаб турли версияларга таъсир қилиши мумкин.
Қўллаб-қувватланаётган версиялар учун тузатишлар тайёрланган. Эски версиялардан фойдаланувчиларга эса дастурий таъминотни янгилаш тавсия этилган.

















