Маҳалла Нурота тоғ тизмалари этагида жойлашган. Атроф қир-адирлик бўлгани сабабли қадоқликлар асосан чорвачилик ва қисман деҳқончилик билан рўзғор тебратишади. Давлат ишида ишлайдиганлар ҳам ўз хонадонида ҳеч йўқса 4-5 бош қўй боқади.

2020 йилнинг декабрь ойида маҳаллада кетма-кет қўй ва эчкилар йўқола бошлайди. ИИБ ходимлари орадан 7 ой ўтса ҳамки, ўғриларни топа олишмаяпти. Kun.uz фуқароларнинг мурожаати асосида ҳолатни жойига бориб ўрганди.

Маҳалланинг Тиконли қишлоғида яшовчи Мамарасул Низомов уйида ёлғиз яшайди. Унинг маълум қилишича, кўпчилик ҳамқишлоқлари ўз чорвасини эрталаб қўрадан чиқариб юборади. Кун бўйи тоғда ўтлаган қўй-эчкилар кечга яқин ўзи қайтиб келади. Ўша куни Мамарасул ака 14 бош эчкисини тоққа чиқариб юборган. Шундан 2 бош эчки қайтиб келган, қолгани ғойиб бўлган.

«Эчкилар тоққа кетганди, кечқурун қайтишмади. Эртаси куни тонгда биттаси келди. Қолганларини куни билан изладим, аммо тополмадим. Кечқурун яна биттаси қайтиб келди. Кейин профилактика инспекторига хабар бердим. У ҳам излади. Бироқ эчкилар топилмади. Яқинда бир йил бўлади бу воқеага. Ҳаракат бўлмаяпти эчкиларни топишга. Ўшанда маҳалламизда бир ойда 4 марта ўғрилик жинояти содир бўлди. Бирортаси ҳам очилмади. Орадан 4-5 ой ўтгач профилактика инспектори бир-икки одам билан келиб, делони ёпиш учун «эчкиларим ўзи келиб қолди», деган мазмунда ариза ёзиб беришимни сўради», дейди Мамарасул ака.

Ҳудуднинг профилактика инспектори Жамшид Дўсматов ишни шу тариқа ёпмоқчи бўлган. Лекин Мамарасул Низомов «Мен қонунни ҳам, халқни ҳам алдамайман», дея айтилган аризани ёзиб бермаган. Умуман олганда, Қадоқ маҳалласи туман ИИБ бошлиғининг сектори ҳудудига кирар экан. ИИБ ходимлари ишидан норози бўлган фақатгина Мамарасул ака эмас. Маҳалланинг Анна қишлоғида яшовчи ўқитувчи Алижон Набиев уйи ёнидаги қўрадан 6 бош зотдор қўйни олиб кетган ўғриларни топишда ИИБ ходимлари сусткашликка йўл қўйган деб ҳисоблайди.