26 июль куни Ёзги Олимпиаданинг учинчи кунги баҳслари ўтказилди. Бугунги баҳсларда яна 7 нафар ўзбекистонлик спортчи ўз омадини синаб кўрди, аммо кун Ўзбекистон делегацияси учун медалсиз якунланди. Таэквондочи Никита Рафалович бронза учун жангда мағлуб бўлди, оғир атлетикачи Муаттар Набиева даст кўтаришда олимпия рекордини ўрнатган бўлса-да, силтаб кўтаришдаги паст натижа туфайли тўртинчи ўринда қолиб кетди.

Ўз навбатида, боксчилар жамоаси кунни муваффақиятли ўтказди, икки боксчи биринчи жангларда ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.

Қиличбозлик
Қиличбозликнинг сабля йўналишида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Зайнаб Дайибекова дастлабки босқичда япониялик Аоки Чикани 15:9 ҳисобида мағлуб этди. 1/16 финалда Осиё ўйинлари финалчиси хитойлик Яци Шаога қарши жангда 15:10 ҳисобида устун келди. Чорак финал учун баҳсда эса Жанубий Корея вакили Жи Су Ён 15:12 ҳисобида таслим этилди.

Аммо 18 ёшли Зайнаб Дайибекова яримфиналга чиқа олмади - мусобақага 6-рақамда сараланган венгриялик Анна Мартонга қарши беллашувда 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва медал учун кураша олмайдиган бўлди.

Дзюдо
Дзюдо бўйича -73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳикматуллоҳ Тўраев дзюдочилар жамоасининг Токио Олимпиадасидаги илк ғалабасига муаллиф бўлди. 

1/16 финалда у германиялик Игорь Вандткега қарши баҳсда ғалаба қозонди. Бунгача дзюдочилардан Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Сардор Нуриллаев (-66 кг) ва Диёра Келдиёрова (-52 кг) 1-босқичдаёқ турнирни тарк этишганди.

Аммо Тўраев ҳам кейинги босқичда жанубий кореялик жаҳон чемпиони Чан Рим Анга ютқазиб қўйди. Баҳснинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади, олтин очко ўйналган қўшимча вақтда эса жанубий кореялик спортчи илдамроқ ҳаракат қилди ва Тўраев турнирдаги иштирокини якунлади.

Бокс
Бокс бўйича -52 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров Токио Олимпиадасидаги иштирокини бошлади.

1/16 финалда туркиялик Ботухон Чифчини синовдан ўтказган Зоиров иккинчи раундда рақибни нокдаун ҳолатига туширди ва якунда 5:0 ҳисобида зафар қучиб, нимчорак финалга йўл олди. Зоиров кейинги босқичда Кабо-Верде вакили Давид Де Пинага қарши рингга чиқади.