UzbekLife мухбири Канаданинг нуфузли Далҳаузи университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Муҳаммаджон Тошпўлатов билан интервю ташкил қилди.

Суҳбат давомида у Канададаги таълим, ўзига хос кутубхоналар ва “таниш-билишчилик” ҳақида сўзлаб берди.
Тизим ва муҳит фанларни чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлди
Ўрта таълимни Наманган шаҳридаги 2-сонли мактаб-интернат ҳамда Наманган давлат университети қошидаги 1-академик лицейда олишимга ота-онам сабабчи бўлишган ва бу энг тўғри қарор бўлганига ҳозир ҳам амин бўляпман.
Мактаб ва академик лицейдаги ўқитувчилар, тизим ва муҳит фанларни чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлди. Айниқса, академик лицейда мени математикадан олимпиадаларга тайёрлаган ўқитувчим Зокиржон Тўланов ушбу фанга бошқача назар билан қарашга ўргатди. Ҳар бир формула ёки теоремани шунчаки ишлатиш эмас, балки биринчи исботлаш кераклигини шу устозимдан ўргандим. Натижада математикани дарслик доирасидан ташқарида ўрганиш имкониятига эга бўлдим.

Худди бизга берилган имкониятдек туюлди
Академик лицейдаги ўқишни тамомлашим арафасида янги олий таълим муассасаси – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети очилиши ҳақида хабар топдим. Ахборот технологиялари соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги янги университет айнан биз битираётган йилда очилиши худди бизга берилган имкониятдек туюлди. Математикага кучли қизиққаним, инглиз тилини билганим ҳамда ахборот технологиялари даврида яшаётганимиз учун шу университетни танлашга қарор қилдим.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистондаги бошқа кўплаб университетлардан ажралиб турарди. Университетда талабаларнинг яхши билим олиши энг юқори мақсад қилиб қўйилган эди. Ўқитувчиларнинг чет давлатлардан олиб келиниши ва Жанубий Корея томонидан назорат қилиниб бориладиган юқори сифатли таълим бунга мисол бўла олади. Айниқса, тўртинчи босқични ўқиш учун барча талабаларнинг Корея Республикасига жўнатилиши бизга ўзига хос янгилик, яъни ҳақиқий халқаро муҳитни хис қилиш имкониятини берди.
Янги университетни «биринчи қалдирғочлар» қаторида битириб, сўнг икки йил давомида «Мароқанд», “Ўзбектелеком” АКнинг «Ахборот тизимлари» филиалида мобил дастурчи бўлиб ишладим.



















