Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни маданият, тиббиёт, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида замонавий кутубхона барпо этилиши режалаштирилган. Унинг дастлабки тарҳи бир ой аввал тақдимот қилинган, бугунги кунда давлат раҳбарининг тавсиялари асосида такомиллаштирилган.

“Масалан, кутубхона биносининг ташқи кўриниши юртимиздаги қадимий обидаларга уйғун тарзда лойиҳалаштирилган. Улкан китоб фондини сақлаш, мутолаа, маданий ҳордиқ чиқариш, турли тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ барча жиҳатлар инобатга олинган.

Тақдимотда кутубхона лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, давлат раҳбарига онкология ва гематология шифохоналарини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Шу йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” президент қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорга мувофиқ, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги иншоот қуриш белгиланган.

Шу мақсадда Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер ажратилган. Хорижий тиббиёт муассасаларининг илғор тажрибаси, шифокор ва беморлар учун барча шароитлар ҳисобга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилган. Хусусан, бу борада Корея Республикасининг “Daedong Medical Consulting” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 50 дан ортиқ консалтинг корхоналарини ўз ичига олган ушбу компания Корея ва хорижий мамлакатларда 600 дан ортиқ муассасалар қурилишида иштирок этган.

Президент қарори асосида гематологияни ривожлантириш борасида ҳам сифат ўзгаришлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси алоҳида марказ сифатида ажратилиб, келгуси йилдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказидан мустақил тарзда фаолият юритади.