Сўнгги вақтларда болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани сезилди. Вируснинг делта штамми болалар орасида кенг тарқалиши оқибатида Зангиота махсус шифохонасига қўшимча равишда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказида ҳам коронавирус билан зарарланган болаларни даволаш учун 250 та ўрин ташкил қилинди.

Педиатрия маркази даволаш ишлари бўйича директори ўринбосари, бош шифокор Абдуманнон Абдуқаюмов марказдаги бемор болаларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди.

Шифокор коронавирусга чалинган болаларни уй шароитида даволаш, уларга қўлланадиган дори-дармонлар тўғрисида ҳам маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

8 кунлик чақалоқда ҳам COVID-19 аниқланган

«Иситмаси чиққан беморимиз 8 кунлик чақалоқ, эрталаб онаси боланинг иситмалаётганини билган ва тез ёрдамга қўнғироқ қилган. Шифокор кўригидан кейин, экпресс тест топширишган, натижа ковид борлигини кўрсатган. Болада 3 кун ичида пневмония аломатлари аниқланмаса, уй шароитида бемалол даволаса бўлади. Фуқароларга бундай ҳолатда қандай йўл тутилишини тушунтиряпмиз, мабодо пневмонияга ўтса, стационар шароитда даволаниш шарт», дейди шифокор.

Мутахассиснинг айтишича, болани стационарда ётқизишда бир неча ҳолатга эътибор бериш керак:

  • болада ҳансираш кузатилса;
  • нафас олиши ёмонлашса;
  • сатурацияси тушиб кетса;
  • ҳолсизланиш кузатилса;
  • тана ҳарорати 3 кун давомида 38,5дан баланд бўлса.
Абдуманнон Абдуқаюмов

Осма укол ва антибиотиклар болага зарар етказади 

«Стационар даволанишда боланинг ҳолатига қараб турли дорилар ишлатилади. Болада пневмония аниқлангандагина антибиотиклар ишлатилиши тавсия этилади. Лекин уй шароитида мутлақо тавсия қилинмайди. Бундан ташқари, осма уколлар айниқса аҳоли орасида жуда кенг тарқалган, болаларга осма уколлар қилишда жуда эҳтиёткор бўлиш зарур. Чунки болада осма укол туфайли ўпка шишиши тез рўй беради. Шу сабабли уйда болага осма укол қилиш ман этилади. Бизнинг стационарда 250дан ортиқ бемор даволаняпти, ҳаммаси тузалиб тез кунда уйига қайтяпти. Шароитлар яратилган ва барча зарур дорилар олиб келинган.