Қайд этилишича, асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилиб, фоиз коридори +/-2 фоиз бандгача кенгайтирилиши – иқтисодиётда нархларни оширувчи хатарларнинг ортиши ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши шароитида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни сақлаш мақсади билан боғлиқ.

Бунда, иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг кутилганидан кўра тезроқ суръатларда ўсиши, иқтисодиётга йўналтирилаётган молиявий ресурслар ҳажмининг сезиларли даражада ошгани, инфляцион кутилмаларнинг юқорилиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи билан боғлиқ инфляцион хатарлар жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни ҳамда унинг инструментларига маълум бир ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда.

Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб

Жорий йилнинг II чораги бўйича мамлакатда иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши давом этиб, аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етди.

2021 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот реал ҳажмда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга ошди. Ушбу юқори ўсиш кўрсаткичи, биринчидан, 2020 йилнинг январь-июнь ойларидаги паст база эффекти билан, иккинчидан, фискаль рағбатлантиришлар ва иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳисобига ялпи талабнинг қўллаб-қувватланиши билан изоҳланади.

Бунда, иқтисодиётнинг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсиш суръатларининг (мос равишда 8,5 ва 18,3 фоиз) пандемиягача бўлган давр кўрсаткичларигача етгани кузатилган бўлса, қишлоқ хўжалиги (1,8 фоиз) ва қурилиш ишлари (0,1 фоиз) соҳаларида 2020 йилда юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолингани ҳисобига жорий йилги кўрсаткичларда сезиларли ўсиш кузатилмади, мазкур кўрсаткичлар иккинчи ярим йилликда яхшиланиши кутилмоқда.

Иқтисодиётда талаб ҳажмининг ўсиб бориши, ўз навбатида, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 фоизга, чакана савдо айланмасининг 9 фоизга ошишида ҳам намоён бўлди.

Тижорат банклари кредитлари, қарз маблағлари ҳамда хорижий кредит линиялари