Ҳозирда ёш тадбиркорнинг хонадонидаги устахонасида 40 турдан зиёд миллий заргарлик маҳсулотлари ясалмоқда.

“Тарих фанига қизиқаман. Тарихий китоблар, фильмлардаги заргарлик тақинчоқларини кўриб, ўзим ҳам шундай нарсалар ясагим келарди. Бундан уч йил олдин ўзимга билагузук ясадим. Дугоналарим кўриб ўзларига ҳам худди шундай билагузук ясаб беришимни сўрашди. Ўнта билагузук қилдим. Кейин уларнинг дугоналари ҳам сўрашди. Шундай қилиб, буюртмалар кўпайиб кетди.

Зебигардон, тиллақош, тож ва бошқа заргарлик тақинчоқлари ясашни ўзлаштирдим. Мижозлар кўпайгандан кейин бир ўзим маҳсулотларни ясаб етказишга улгурмаслигимни билдим ва синфдошларимга ҳунарни ўргата бошладим. Улар икки ой ичида улар ҳунарни эгаллашяпти.

Телеграм, инстаграмда саҳифаларимиз бор; у ерда ҳам буюртмалар оламиз. Асосий водийдаги катта бозорлар – Қўқон бозорлари ва “Андижон жаҳон бозори”га улгуржи маҳсулот берамиз.

Бир ҳафтада шогирдлар билан 500 дона тасбеҳ, 50-60 та тиллақош ва зебигардонлар ясашга улгуряпмиз”, – дейди ёш тадбиркор Гулбаҳор Тожимуҳаммедова.

Биламизки, турли заргарлик буюмлари бизга Хитойдан кириб келади. Ёш тадбиркор эса бозорни миллий маҳсулотлар билан таъминлаяпти.

Ҳозир ёз, тўйлар фасли. Буюмларга талаб кўп. Тадбиркор қизнинг айтишича, ойлик даромади ўртача 4 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Синфдошлари ОТМга ўқишга тайёрланиш билан бирга, бўш вақтларида унга ёрдам беришади. Гулбаҳор шогирдларига қилган ишларига қараб, 700 минг сўмгача ойлик маош берилаётганини айтди.