Абдулла Арипов йил бошидаёқ эмлангани маълум бўлди. У ўзбек-хитой вакцинасини қабул қилган
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ZF-UZ-VAC-2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан биринчилардан бўлиб эмланган. Бош вазир матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов Kun.uz’га ушбу маълумотни тасдиқлади.
Маълум бўлишича, бош вазир Абдулла Арипов ва унинг қўл остидаги ходимлари ўзбек-хитой вакцинаси билан 2021 йил бошида тўлиқ эмланиб бўлган. Уч босқичли эмланиш жараёнининг бирортасидан сўнг ҳукумат раҳбарида ножўя таъсирлар сезилмаган.
Маълумот учун, ўзбек-хитой вакцинасининг учинчи босқич клиник синовлари Ўзбекистонда декабрь ойида бошланганди. Бир қатор юқори мартабали амалдорлар, хусусан, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳиддин Жўраев шу синовларда қатнашган, синовлар 2021 йил февраль ойида ҳам давом этганди.
Февраль ойида Хитой компанияси Ўзбекистонни вакцина ҳаммуаллифи деб тан олгач, Ўзбекистонда қўлланаётган вакцина номи ZF-UZ-VAC-2001 деб ўзгартирилган, 1 март куни вакцина Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган, апрель ойи бошидан эса аҳолини оммавий эмлаш ишлари бошланганди.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши тўлиқ эмлангани маълум қилинганди. Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилишича, президент масъулиятли фуқаро сифатида, ўша вақтда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган уч вакцина - ZF-UZ-VAC2001, AstraZeneca ва «Спутник V» вакциналаридан бири билан тўлиқ эмланган.
Июнь-июль ойлари давомида кўплаб амалдорлар коронавирусга қарши вакцина қабул қилиш кампаниясида иштирок этган, хусусан, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳам эмланганди. Бундан ташқари, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин (Спутник V), Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов (ўзбек-хитой вакцинаси), Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов (ўзбек-хитой вакцинаси), маданият вазири Озодбек Назарбеков (Спутник V), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов (Спутник V), Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўзбек-хитой вакцинаси), Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов (Спутник V) ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг вакцина олиш жараёнида олинган суратлари эълон қилинганди. Шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева 2021 йилнинг май—июнь ойларида «Спутник V» вакцинаси билан эмлангани маълум бўлган.
Мавзуга оид
16:00 / 23.11.2024
“Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар” – Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
12:08 / 20.11.2024
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
18:33 / 04.11.2024