Euronews хабарига кўра, Трамп узоқ вақтдан бери MMR вакциналарининг хавфсизлигини шубҳа остига олиб келади. Душанба куни Овал кабинетда фармонни имзолаш чоғида Трамп эмлаш жадвали ёки миқдори гўёки аутизм спектри бузилишларининг тарқалиши ўсишига ҳисса қўшиши мумкинлигига бир неча бор ишора қилди. Шу билан бирга, кўплаб тадқиқотлар бу эмлашлар ва аутизм ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини аниқлаган.
Фармонда болаларга қилинадиган вакциналар сонини (Америка педиатрия академиясининг амалдаги тавсияларига кўра) 18 тадан 11 тага қисқартириш тавсия этилади.
Фармонга биноан барча болалар учун тавсия этилган эмлашлар қаторига қизамиқ, тепки, қизилча, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, полиомиелит, b (Hib) типидаги гемофил инфекция, пневмококк инфекцияси, одам папилломаси вируси ва сувчечакка қарши вакциналар киради.
Рўйхатдан гепатит А ва B, менингококк инфекцияси, ротавирус, COVID-19 ва гриппга қарши вакциналар чиқариб ташланди. Бу эмлашлар фақат хавф гуруҳидаги болаларга тавсия этилади.
“Биз вакциналар сонини қисқартиряпмиз”, — деди Трамп. — “Гап фақат вакциналарни камроқ қилиш ҳақида эмас, балки уларни шифокор қабулига бир неча марта борган ҳолда қабул қилиш ҳақида ҳам кетмоқда”.
Трамп ушбу қарорни “ота-оналар ҳуқуқлари, диний ва конституциявий эркинликлар ҳамда энг юқори даражадаги илм-фан учун улкан ғалаба” деб атади.

Жамоатчилик саломатлиги соҳасидаги мутахассисларнинг огоҳлантиришича, Трамп таклиф қилаётганидек, эмлаш жадвалини узайтириш бола кейинги қабулга келгунига қадар вакцина ёрдамида олдини олиш мумкин бўлган касалликка чалиниш хавфини оширади.
Болалар вакциналари, шунингдек, уларни биргаликда қўллаш схемалари синчковлик билан клиник синовлардан ўтказилади, уларнинг хавфсизлиги эса қўллана бошлаганидан кейин ҳам кўп йиллар давомида назорат қилиб борилади.
Америка педиатрия академияси президенти, доктор Эндрю Ресин сўзларига кўра, бу қарор “бунга заррача ҳожат бўлмаган” жойда ноаниқлик, қўрқув ва тартибсизликларни келтириб чиқармоқда. У Трампнинг тавсияларини танқид қилиб, амалдаги қоидалар сақланиб қолиши кераклигини таъкидлади.
“Вакциналар ва уларнинг самарадорлиги ҳақидаги фан ўзгаргани йўқ”, — деди у. “Атроф-муҳитимиздаги вируслар ва бошқа қўзғатувчиларнинг тарқалиши ҳам ўзгармади. Бу мамлакатдаги болалар ҳам сўнгги 48 соат ичида ўзгаргани йўқ”.
Республикачи сенатор ва Сенатнинг соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Билл Кессиди Трампнинг фармонини кескин танқид қилиб, ижтимоий тармоқларда вакциналар хавфсиз эканини ва аутизмни келтириб чиқармаслигини айтди.
“Мен шифокорман. Бу фармон хато”, — деб ёзди Луизиана сенатори. — “Президентда бундай ўзгаришларни амалга ошириш учун етарли билим ва тажриба йўқ”.
Мажбурий эмлашни жорий этиш ҳуқуқи федерал ҳукуматга эмас, балки штатларга тегишли
Трампнинг фармойиши мажбурий эмас, балки тавсиявий хусусиятга эга, чунки таълим муассасаларига қатнаш учун эмлаш талаблари федерал ҳукумат томонидан эмас, балки штатлар даражасида белгиланади.
Шунга қарамай, Оқ уйнинг ахборот бюллетенида мактаб ўқувчиларини эмлаш мажбурий бўлган штатларни маъмурият белгилаган муддатларни ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни қайта кўриб чиқишга даъват этилади.
Ўтган йилнинг декабр ойида Трамп Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигига эмлаш бўйича тавсиялар юзасидан бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганишни ва Америка меъёрларини шунга мувофиқ янгилаш имкониятини кўриб чиқишни топширган эди.
Бунга жавобан вазирлик ҳар бир бола учун эмлаш сонини қисқартиришни тавсия қилди. Бироқ, кейинчалик бу қарор суд томонидан бекор қилинди. Одатда, болаларни эмлаш бўйича федерал тавсияларга киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) директори томонидан тасдиқланиши талаб этилади.











