Жаҳон | 11:02 / 06.08.2021
4391
2 дақиқада ўқилади

Virgin Galactic фазовий парвозларга чипталар сотишни бошлади

Фото: Virgin Galactic

Британиялик миллиардер Ричард Брэнсонга тегишли Virgin Galactic компанияси фазовий парвозларга чипталар сотишни бошлади. Компаниянинг 2021 йил 2-чораги учун молиявий ҳисоботида чипта нархи 450 минг доллардан бошланиши айтилган.

Ҳисоботга кўра, фазога учишни истовчиларга уч турдаги чипта таклиф этилади: бир ўринли, жуфтликлар, оилалар ва дўстлар учун кўп ўринли ҳамда рейсдаги барча ўринларни сотиб олишга имкон берувчи пакет. 

Компания матбуот хизматида Unity ракетопланида амалга ошириладиган кейинги парвоз сентябрь охирига белгилангани ва унга барча чипталарни Италия ҳарбий-ҳаво денгиз кучлари сотиб олгани маълум қилинган.

Unity учоғида фазовий парвозни биринчи бўлиб 11 июлда Virgin Galactic асосчиси Ричард Брэнсон амалга оширди. У билан бирга фазога астронавтлар Сириша Бандла, Килин Бэннет ва Бетт Мозес йўл олган, кемани эса учувчилар Дэйв Маккай ва Майкл Масуччи бошқарган. Улар 86 км баландликка кўтарилишган. Бу парвоз тарихдаги илк хусусий фазовий парвоз бўлган.

Ушбу парвоздан бир неча кун ўтиб америкалик миллиардер, Amazon асосчиси Жефф Безос ўзига тегишли Blue Origin компанияси ишлаб чиққан New Shepard кемасида 3 ҳамроҳ билан бирга Брэнсон ортидан фазога учди. Кема 107 км баландликка кўтарилган ва бунда унинг тезлиги 3595 км/соатга етган. Парвоз 10 дақиқа 10 сония давом этган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид