8 август куни Ўзбекистоннинг олимпиададаги сўнгги вакили Баҳодир Жалолов финалда америкалик рақибни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон турнирда жами 5та медал олиб (3 олтин ва 2 бронза), умумий рейтингнинг 32-поғонасидан жой олди (Сербиялик сув полочилар ўз делегациясига учинчи олтин медални олиб беришди ва 1та кумуш ҳамда 5та бронзаси ҳам бўлган Сербия 34-ўриндан 28-ўринга кўтарилиб, Ўзбекистонни 31-ўриндан 32-ўринга тушириб юборди).

Ўзбекистонлик спортчилар Токиода спортнинг 17 туридан 71та йўлланма билан иштирок этишди. Ўзбекистонга беш жамоа - таэквондо, дзюдо, оғир атлетика, эркин кураш ва бокс жамоалари биттадан медал олиб берди. Kun.uz Токио Олимпиадаси якунларини сарҳисоб қилади. 

Улуғбек Рашидов, олтин (Таэквондо)

Ўзбекистон делегацияси олимпиаданинг иккинчи кунидаёқ медаллар ҳисобини очди. Таэквондо жамоасидаги «қора тойчоқ», 19 ёшли Улуғбек Рашидов (-68 кг) барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди ва спорт ихлосмандларининг севимлисига айланди.

Ўзбекистон таэквондода яна бир медал олишга яқин эди, аммо Никита Рафалович (-80 кг), аввал яримфиналда, кейин бронза учун баҳсларда ютқазиб қўйди. Таэквондочи қизлар Нигора Турсунқулова ва Светлана Осипова ҳам медаллар учун баҳсларга етиб бора олишмади.

Давлат Бобонов, бронза (Дзюдо)

Ёзги Олимпиаданинг бешинчи кунги баҳсларига келиб Ўзбекистон делегацияси жамғармасига яна бир медал қўшиб қўйилди.

-90 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган дзюдочи Давлат Бобонов эса дастлаб италиялик Николас Мунгай тўсиғидан ўтди. Иккинчи даврада украиналик Кеджау Набалини биринчи раунддаёқ мағлубиятга учратди. Аммо чоракфиналда Европа чемпионига қарши баҳсда биргина хато туфайли аламли мағлубиятга учради. Унинг рақиби финалга чиққач, бронза учун ўтиш баҳсларида иштирок этиш имконига эга бўлган Бобонов яна икки баҳсни ўз фойдасига ҳал қилиб, Олимпиада совриндорига айланди.

Дзюдо жамоаси 11 йўлланма билан турнирга борганди, аммо Шарофиддин Лутфуллаев, Сардор Нуриллаев, Ҳикматиллоҳ Тўраев, Шарофиддин Болтабоев, Муҳаммадкарим Хуррамов, Бекмурод Олтибоев, Диёра Келдиёрова, Фарангиз Ҳожиева ҳамда Гулноза Матниязова каби дзюдочилар медалсиз ортга қайтишди.