Жаҳон | 09:42 / 10.08.2021
2426
2 дақиқада ўқилади

Грецияда ўрмон ёнғинларига алоқадор 10дан ортиқ киши ҳибсга олинди 

Фото: Reuters

Греция бош вазири Кириакос Мицотакиснинг таъкидлашича, охирги кунларда Грециянинг турли бурчакларида 586 та ёнғин юз бериб, ҳукумат уларга алоқадор 10 дан ортиқ кишини ҳибсга олди. 

Мицотакис юртдошларига телемурожаатида мамлакатдаги ёнғинлар “мисли кўрилмаган кўламларга” етганини ва қурғоқчилик ҳамда иссиқ ҳаво сабабли уларга қарши курашиш қийин кечаётганини айтган. Унинг таъкидлашича, Грециянинг 141 та туманида ёнғинлар сабабли аҳолини эвакуация қилиш ишлари олиб борилган.

Бош вазир мамлакатга ёнғинларга қарши курашда ёрдам кўрсатаётган барча давлатларга миннатдорлик билдирган ва ҳукуматнинг йўл қўйган хатолари учун греклардан узр сўраган.

“Сўнгги кунлар мамлакатимиз учун охирги ўн йилликлардаги энг оғирларидан бири бўлди. Биз курашга бор кучимизни ташлаяпмиз. Бироқ олдимизда мисли кўрилмаган кўламдаги табиий офат турибди: бир неча кун ичида Грециянинг турли ҳудудларида 586 та ёнғин юз берди. Мен ёниб кул бўлган уйлари ва мол-мулкини кўрган, ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган юртдошларимизга қанчалик оғриқли эканини тушунаман”, деб айтган Греция бош вазири.     

Маълумотларга кўра, Греция ўт ўчириш хизмати 3 кун давомида ёнғинларга алоқадор 10 дан ортиқ кишини ҳибсга олган. Бу ёнғинлардан бир қисми атайлаб уюштирилган, бир қисми эҳтиётсизлик сабабли юз берган. 

Грециядаги ўрмон ёнғинларининг аксарияти узоқ давом этган иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик сабабли бошланган. Ўтган ҳафта ҳукумат фуқароларга ўрмонларга боришни тақиқлаб қўйди.

Аввалроқ Грецияда 10 кун ичида 56 минг гектардан ортиқ майдон ёниб кетгани маълум қилинганди.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид