АҚШнинг Вашингтон штатидаги Спокан шаҳри атрофида авж олган ўрмон ёнғинлари сабабли қарийб 60 минг кишига эвакуация қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, ёнғинлар оқибатида ҳозирга қадар 600 га яқин бино, жумладан турар жойлар ва корхоналар вайрон бўлган. Штат ҳукумати ҳисоботига кўра, ёнғин 250 минг акрдан ортиқ, яъни 101 минг гектардан зиёд ҳудудни қамраб олган.

Спокан ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари Том Уилямснинг билдиришича, учта йирик ёнғин ўчоғи эвакуация эълон қилинган ҳудудларга хавф солмоқда. Ёнғинни бартараф этиш ишларига Миллий гвардия бўлинмалари билан бир қаторда АҚШнинг ўндан ортиқ штатидан келган ўт ўчирувчилар ҳам жалб қилинган.

Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси Вашингтон штати ҳукумати билан яқин ҳамкорликда вазиятни мунтазам кузатиб бораётганини маълум қилди.

Консулхона маълумотларига кўра, сўнгги маълумотлар асосида ўрмон ёнғинларидан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Бош консул Аҳрор Бурҳонов ёнғин хавфи мавжуд ҳудудларда бўлиб турган ватандошларни эҳтиёткорлик чораларига қатъий риоя қилишга, маҳаллий ҳокимият ва фавқулодда хизматлар кўрсатмаларига амал қилишга чақирди.

Фавқулодда вазият ёки консуллик ёрдами зарур бўлган тақдирда, фуқаролар Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонасининг кечаю кундуз ишлайдиган алоқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.