Сотиб олинган маҳсулотларда камчилик мавжудлиги сабаб, айрим ҳолатларда эса кейинчалик бошқа истеъмол хоссалари мос келмаганда (ўлчами бироз мос келмаслиги ёки ранги ёқмаслиги) уларни алмаштириш учун сотувчига мурожаат қиламиз. Баъзи савдо объектларидаги «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди» қабилидаги ёзувлар ёки сотувчиларнинг товарларни қайтиб олишни рад этиши қанчалик қонунчиликка тўғри келади?
Тасаввур қилинг, бозордан ёки қайсидир дўкондан ўзингиз ёки уйдаги фарзандингиз учун оёқ кийим харид қилдингиз. Лекин оёқ кийим ўлчами тўғри келмади ёки ранги сизга маъқул келмаяпти. Сотиб олган жойингизга қайтиб келганингизда, шунчаки ёки «Сотилган товарлар қайтариб олинмайди», деган ёзув кўрсатилиб, сизнинг талабларингиз қаноатлантирилмаяпти.
Ёки айтайлик ўзингиз учун кўйлак сотиб олдингиз. Уни уйда қайта кийиб кўрилганда сифатсизлигидан матоси ҳам, тикилиши ҳам нархига тўғри келмаслиги маълум бўлди. Ёки сотувчи томонидан «ювиб-ювиб киясиз, ҳеч нарса қилмайди, бу фалон фирманики… » деб қўлингизга тутқазилган қимматбаҳо уст-бош ҳам бир ювилганда ранги чиқиб, чоклари сўкилиб, киришиб кетиб, яроқсиз ҳолга келиб қолса-чи? Бунда истеъмолчилар қандай йўл тутиши керак?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, савдо соҳасига оид таҳлил қилинган мурожаатларнинг 33 фоизини сифатсиз товарларни қайтариш ва алмаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарорида белгиланишича, чакана савдо қоидаларида зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига кийим-кечаклар киритилмаган. Уни мавжуд тартиб-қоидалар асосида белгиланган муддатда сифатлисига алмаштириб олиш ҳуқуқига эгасиз.
Сифатли маҳсулотлар ҳам алмаштирилиши мумкинми?
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида фуқаролар мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.
Бу ерда «мақбул сифатли» дейилмоқда. Яъни товарнинг ҳеч қандай нуқсонлари йўқ, у истеъмолга яроқли, сифатиям яхши. Хўш, унда алмаштириб олиш нимага керак, дейишингиз мумкин. Қонунга биноан, истеъмолчи сифати яхши товарни ҳам алмаштириб олиши мумкин. Фақатгина бунда унга ўша сотиб олинган товарнинг қандайдир истеъмол хоссалари мос келмагани сабаб бўла олади. Сиз туфли олдингиз, лекин унинг ўлчами бироз мос келмади ёки ранги ёқмади ва бошқа шу каби ҳолатлар.















