12+3=55. Юқоридаги арифметик амалиёт нотўғри эканини кичик синф боласи ҳам жуда яхши билади. Аммо, ушбу ҳисоб-китоб тўғри эканини исботлашга уринишлар ҳатто суд амалиётида ҳам кузатилиши мумкин экан. Навбатдаги шикоятни ўрганиш давомида шундай хулосага келдик.

Ўз вақтида бозор курсида салкам 1 млн долларлик мулки тортиб олинган тадбиркорга компенсация эвазига атиги 15 сотих ер берилмоқда. У 10 йил давомидаги мурожаатлари натижасида қўлга киритгани – 15 сотих қуруқ ер майдони, холос.

2 млрд сўмдан ортиқроқ товон пули 2021 йил 1 февралдан бери тўлангани йўқ.

1994 йилдан буён ишлаб чиқариш жамоаси сифатида фаолият юритиб келган ва 2001 йилда “Tulpor Savdo Uyi” МЧЖ сифатида ташкил этилган фирма таъсисчиси Зокиржон Азаматовга кўра, 55 сотих ер майдони ва 2035 кв.м. бино 2011 йилда, Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан ҳеч қандай товон пули ҳамда ер майдони тақдим этилмасдан, оғзаки ваъдалар билан бузиб ташланган.

“2011 йил 6 апрелда тўсатдан келишиб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинди, дўкон бузилади, дейишди, лекин ҳаммаси бизга нисбатан “рейдерча” усулда бўлди. Ўша вақтда ҳаммамиз шокда бўлганмиз, тушуниб-тушунмаганмиз.

6 апрел куни 6 та машинага ҳисоб маълумотнома ёзиб сотяпман, мижозлар пулини тўлаб автомобил харид қиляпти, шу вақтнинг ўзида бинонинг тунука томини кўчиришяпти. Аввал улар бизга жой бериши, компенсация тўлаши керак эди. Лекин буларнинг ҳеч бири бўлмади. Жуда катта куч билан келишди, мажбурлаб бузишди”, – дея 2011 йилни эслайди Зокиржон Азаматов.

Унинг айтишича, корхона 55 сотих ер майдонида жойлашган бўлиб, 2035 кв.м. бино ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига эга бўлган. Шунча жойнинг эвазига 3 сотихгина қуруқ ер майдони берилган. 2011 йилдан бошланган шикоятлардан сўнг, 2015 йилга келиб яна 12 сотих ер майдони бериш ҳақида қарор чиққан. Уни ҳам 2017 йилдагина расмийлаштиришнинг имкони бўлган.

“6 йил деганда 12 сотих қуруқ ер олдим. Уни олиш учун ҳам роса овора бўлганман. Архитектура бошқармаси ўз хулосасини берди, Қурилиш бошқармасида эса 2 йил умрим ўтди”, – дейди З. Азаматов.