Ўз видеомурожаатини Ғани БААдан туриб йўллаган, ушбу мамлакат ҳукумати унга «инсонпарварлик нуқтайи назаридан» бошпана берилгани ҳақида маълум қилганди.

Фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирган видеомурожаатида Ғани у мамлакатдан катта миқдордаги пулни олиб чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар асоссизлигини таъкидлаган. Аввалроқ Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Ғанининг қочишини «давлат ва миллатга хиёнат» деб атаб, у давлат ғазнасидан 169 миллион доллар ўғирлагани ҳақида гапирганди.

«Мени ўзим билан пул олиб кетганликда айблашмоқда. Лекин бу гаплар ёлғон, мен устимдаги кўйлак, салла ва пойабзал билан мамлакатдан кетдим, битта сумкада бир нечта китоб олиб кетолдим, холос.

Ҳозир мен маслаҳатлашув ўтказмоқдаман ва афғонлар учун адолат тикланиши бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш мақсадида мамлакатга қайтмоқчиман», деган у.

Унинг сўзларига кўра, уни мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурлашган. «Агар мен қолганимда, бемисл қон тўкилишига гувоҳ бўлардим», дея қўшимча қилган у.

Толибларнинг ҳокимиятга келиши. Кобул нима учун бунча тез қулади?

«Қонуний президент в.б» Амрулла Солиҳ қаршилик қилишда давом этади

Халқаро ҳамжамият «Толибон»ни легитим ҳукумат сифатида тан олиш масаласини кўриб чиқаётган вақтда, Афғонистоннинг биринчи вице-президенти Амрулла Солиҳ толиблар ҳокимиятини тан олмаслигини билдириб, ўзини Афғонистоннинг «қонуний вақтинча президенти» деб эълон қилган.

У Афғонистон Конституциясига мувофиқ, президент истеъфога чиққан, қочқинликка кетган, вафот этган ёки давлатни бошқаришга лаёқатсиз бўлиб қолган ҳолатларда унинг вазифасини бажариш вақтинча вице-президент зиммасига ўтишини эслатмоқда.

France24 хабарига кўра, сешанба куни унга содиқ кучлар шимолдаги Панжшер вилояти туманларини эгаллашган ва бу ҳудуд унинг таянчига айланган. Солиҳ ушбу вилоятда мустаҳкам ўрнашиб олмоқда ва дунё етакчиларини уни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Зоҳир Агбар чоршанба куни Панжшер толибларга қаршилик ҳаракати ўчоғига айланганини маълум қилди. «Фақат вице-президент Амрилла Солиҳ раҳбарлигидаги Панжшер қаршилик кўрсатмоқда», деган у.