Бош прокуратура матбуот котиби тақдим этган муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда жонига қасд қилгани айтилаётган маҳкум Ж.Деҳқонов 4-минтақавий ҳудуд 35-сон манзил колониясига 2021 йилда 9-сон ТХ орқали этап бўлиб келган. Унга муассасада ўрнатилган ички тартиб-қоидалар ёзма равишда таништирилган.
35-сон манзил-колониясига келтирилганда колониянинг шифокорлик пунктида бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилганида, маҳкумда «Ўтказилган бош мия жароҳатидан кейинги ҳолат» (анамнез) мавжудлиги аниқланиб, диспансер назоратига олинган. 35-сонли манзил-колония психологларининг бирламчи суҳбат хулосасида, маҳкум Ж.Деҳқонов юкламага бебардошлиги, негатив хулққа эга экани, бошқалар билан бўлган муносабатларда ўзини бошқара олмаслиги, ахлоқ қоидаларига зид келадиган хатти-ҳаракатлар содир этишга мойиллиги, тартиб-қоидаларга риоя этмаслиги, қийинчиликларга бардош бера олмаслиги, ҳиссиётини жиловлай олмасдан салбий хатти-ҳаракатлар содир этиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.
«Ижтимоий тармоқларда берилган хабарларда, маҳкум Ж.Деҳқонов томирларини кесиш йўли билан ўз жонига қасд қилгани кўрсатиб ўтилган. Ушбу ҳолат юзасидан аниқлаштириш ишлари ўтказилганида, мазкур хабар ҳақиқатга мос келмаслиги аниқланган», дейилади, муносабатда.
Қайд этилишича, Ж.Деҳқонов муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми, 109-моддаси 2-қисми, 112-моддаси 1-қисми билан судланган, ҳозирда 166-моддаси 2-қисми билан судланиб, 3 йил-у 6 ой жазо муддатини ўтаяпти. 2021 йил 20 август куни 35-сонли манзил колониясида жойлашган озиқ-овқат дўконида маҳсулот харид қилиш вақтида шу дўконга кириб келган колония ходимлари сафдорлар А.Н.Тулаганов ва Х.У.Йўлдошевларни кўриб, уларга: «Менинг ортимдан кузатиб юрибсанларми?» деб эътироз билдирган.
Шу пайт улар ўзаро гап талашиб кетгани сабабли маҳкум Ж.Деҳқонов ушбу келишмовчилик ортидан ўзига нисбатан жазо чораси қўлланиши мумкинлигидан қўрқиб, дўкон олдига чиқиб, чўнтагида бўлган соқол олиш учун мўлжалланган олмос бўлаги (лезвие) билан қорнини ва қўлларини 3-4 маротаба тилиб, экспертиза хулосасига кўра ўзига «енгил шикаст» кўринишида тан жароҳати етказган.
Маҳкум Ж.Деҳқонов билан ўтказилган суҳбат давомида юқоридагиларни тасдиқлаб, бошқа бундай ҳолатга йўл қўймаслигини билдирган. Шунингдек, маҳкум Ж.Деҳқонов ўзи тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарнинг ёлғон эканини, ушбу хабар ким томонидан тарқатилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини баён қилган.
Бош прокуратура матбуот котибининг ёзишича

















