Жаҳон | 07:33 / 27.08.2021
84982
2 дақиқада ўқилади

«Биз кечирмаймиз, қилмишингиз учун жавоб берасиз» – Байден Кобул аэропортида теракт уюштирган террорчиларга авиазарба йўллашга буйруқ берди

АҚШ президенти Жо Байден Кобул аэропортида теракт амалга оширган террорчиларнинг етакчилари ва объектларига ҳаво зарбалари бериш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда Байден терактдан кейин Оқ уйда ўтказилган миллатга мурожаатида айтди.

«Оғир кун. Бошқаларнинг ҳаётини қутқариш миссиясида бўлиб турган америкалик қаҳрамонлар ҳалок бўлишди. Улар 100 мингдан ортиқ одамларнинг Афғонистондан эвакуация қилинишида иштирок этишди. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари каби менинг ҳам юрагим оғрияпти. Биз буни кечирмаймиз, унутмаймиз ва кескин жавоб берамиз. Қилган ишингиз учун жавоб берасиз», деди Байден.

АҚШ президенти теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг бўлинмларидан бири ўз гарданига олганини таъкидлади. У терактни амалга оширган террорчилар раҳбарлари ва объектлари томон зарба бериш бўйича кўрсатма берганини таъкидлади. Байден охирги 12 соатда 7 минг киши эвакуация қилинганини айтди ва ИШИД бу жараёнга таъсир қила олмаслиги, эвакуация давом этишини маълум қилди.

Байден ўтган галги мурожаатдан фарқли ўлароқ бу сафар журналистларнинг саволларига жавоб берди. Ундан портлашдан кейин Афғонистондаги эвакуация жараёнини амалга ошираётган ҳарбийлар сонини кўпайтириш режаси борми, деб сўрашди. Байден эса бу ишни қилган бўлишини, аммо ҳарбийлар бунақа сўров амалга оширмаганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 27 август куни Афғонистон пойтахти Кобулда мамлакат «Толибон» назоратига ўтгач, илк марта теракт содир этилди. Аввалига террорчи-худкуш одамлар ичига кириб ўзини портлатди, кўп ўтмай масофадан туриб бошқарилган ва машинага ўрнатилган бомба портлади. Оқибатда 90 нафар инсон ҳалок бўлгани айтилмоқда. Улардан 12 нафари америкалик ҳарбийлар бўлган.

Теракт учун ИШИД террорчилик ташкилоти масъулиятни ўз гарданига олган. Маълум бўлишича, толиблар яна бир қатор терактнинг олдини олган. АҚШ разведкаси Кобул аэропортида терактлар уюштирилиши мумкинлиги ҳақида портлашдан аввал огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид