Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Бу ерда бирйўла иккита завод - азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналарининг очилиш маросими бўлди.

«Кимё саноати мамлакатимиз иқтисодиётида асосий драйверлардан бирига айланмоқда. Илгари бу тармоқ асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитлар ишлаб чиқариб, бундай маҳсулотларнинг улуши соҳада қарийб 80 фоизни ташкил этарди. Бугунги кунда замонавий полимерлар ишлаб чиқарилаётгани ҳисобидан минерал ўғитлар улуши 10 фоизга қисқарди, бошқа соҳалар учун тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажми эса 6 марта ошди.

Кейинги беш йилда «Ўзкимёсаноат» тизимида товар маҳсулотлари ҳажми 4 марта ошди, кимёвий маҳсулотлар экспорти 250 миллион долларга етмоқда.

Бунда «Навоийазот» акциядорлик жамиятининг ўрни жуда катта. Бу ерда мамлакатимиз кимё саноати маҳсулотларининг қарийб ярми ишлаб чиқарилади, 9 мингга яқин муҳандис, технолог ва моҳир ишчилар меҳнат қилади.

Янги ишга туширилган азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналари соҳа ривожига қўшимча суръат беради. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар «Навоийазот»да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, бу кўрсаткични йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади.

Ўзбекистонга биринчи марта олиб келинган, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу замонавий мажмуалар 60 йил аввалги эски қувватлар ўрнини тўлиқ эгаллайди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Биринчи корхонада йилига 660 минг тонна аммиак ва 578 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилиши, бунда, бир тонна аммиак ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 2,5 марта камайиши қайд этилган.

Иккинчи корхонада эса йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилиб, электр энергияси сарфи 18 марта қисқаради.

Бу икки лойиҳа эвазига ишлаб чиқарилаётган азотли ўғитнинг таннархи 30 фоизга пасаяди.

«Бу рақамларнинг ортида корхонанинг минглаб меҳнатсевар, фидоий ишчилари, юқори малакали мутахассисларнинг машаққатли, айни вақтда шарафли меҳнати мужассам», деди Шавкат Мирзиёев. Ва уларга миннатдорлик билдирди.