Ўзбекистон | 14:14 / 28.08.2021
1734
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда яшовчи шахс наманганлик ҳайдовчининг 18,4 миллион сўм пулини ўзлаштириб юборди

Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи шахс наманганлик ҳайдовчига бериши лозим бўлган 18,4 миллион сўм йўлкира пулини ўзлаштириб юборган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Китоб тумани «Шарқ юлдузи» МФЙда яшовчи М.М. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғида ҳайдовчилар учун махсус канал очган ва унга вилоятлараро қатновчи ҳайдовчиларни аъзо қилган.

Ҳайдовчилар орасида Наманган вилояти Учкўприк туманида яшовчи Б.Ш. билан танишиб, унинг турли вилоятларга юк ташиш билан шуғулланишидан фойдаланишни кўзлаган. Унга Китоб туманидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонасидан маҳсулотлар олиб, Наманган вилоятига олиб бориб, сотиб пули ва йўл ҳақини беришини айтган.

Қайд этилишича, М.М. ҳайдовчи Б.Ш.нинг ишончини қозониб, 18 миллион 400 минг сўм пулини қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Таъкидланишича, 2021 йил 24 август куни Наманган вилоятида яшовчи ҳайдовчи Китоб туман ИИБга М.М. пулларини ўзлаштириб кетганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 24 август куни Китоб туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид