Корхона ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида ҳам катта лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 25 август куни Хўжаобод туманида йилига 1,2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводини ишга туширди. Лойиҳа қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг. 40 гектар майдонни эгаллаган ушбу завод хитойлик мутахассислар томонидан бир ярим йилда қуриб битказилди.


Корхона очилиши муносабати билан «RASH-MILK»нинг Асака тумани Ахтачи ҳудудидаги экологик муаммоларни келтириб чиқараётган заводи фаолиятини тўхтатади. 800 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган янги завод замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, атроф-муҳитга салбий таъсир ўтказмайди.




«Цемент заводини тез фурсатларда битказилишида ҳамкорларимиз Хитойнинг «Синома» компанияси катта ҳисса қўшди. Ўтган йили қурилиш ишлари бошлангач, пандемия таъсирида хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга учиб келишида муаммолар бўлганди. Вилоят раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан йўллар очилди ва объект белгиланган вақтда фойдаланишга топширилди. Ҳозирча заводимизнинг ишлаб чиқариш қуввати 1,2 миллион тонна. Навбатдаги лойиҳани ишга туширсак, йиллик ишаб чиқариш ҳажми 3 миллион тоннага етади», дейди «RASH-MILK» корхонаси раҳбари Аҳлиддин Зокиров.

















