Япония рақамли университетида таҳсил олувчи ёшлар келажак учун зарур бўлган йўналишларда ўз билимларини мустаҳкамлаб, IТ-муҳандислик соҳасида жаҳон миқёсида ишловчи рақобатбардош кадрларга айланиши мумкин. Университет имкониятлари, таълим тизими ва контракт миқдорлари ҳақида билиш учун таълим муассасаси ректори Равшанбек Мамажонов билан суҳбат ташкил қилдик.
Бугунги кунда рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологиялари тараққиётга эришишнинг муҳим шартларидан биридир. Шу сабаб ушбу соҳада ишлайдиган мутахассисларга кун сайин талаб кучаймоқда. Тошкентдаги Япония рақамли университети (Japan Digital University) япон тили ва IТ муҳандислик маҳоратини мукаммал ўрганиб, Япония университети ва Ўзбекистоннинг давлат университети илмий даражасини қўлга киритиш имкониятини беради. Мазкур олийгоҳда таҳсил олувчи ёшлар келажак учун зарур бўлган йўналишларда ўз билимларини мустаҳкамлаб, IТ-муҳандислик соҳасида жаҳон миқёсида ишловчи рақобатбардош кадрларга айланиши мумкин.

Талабалар университетни тамомлагач, қуйидаги мутахассисликлар бўйича дипломни қўлга киритишади:
• дастурчи;
• QA-синовчи;
• PHP-дастурчи.
Мазкур университет, шунингдек, унинг имкониятлари, таълим тизими ва контракт миқдорлари ҳақида билиш учун университет ректори Равшанбек Мамажонов билан суҳбат ташкил қилдик.

— Равшанбек ака, дастлаб университет ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилда Японияга ташрифи давомида ушбу университетни ташкил этиш бўйича келишувга эришилганди ва 2020 йилнинг 2 декабрида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ўқув жараёнлари бошланди. Япония рақамли университети асосан IТ мутахассисларини тайёрлашга мўлжалланган. Бизнинг университет рақамли таълим муассаcaси бўлгани сабабли ўқиш жараёни ҳам онлайн, ҳам офлайн шаклда гибрид тарзда олиб борилади. Дастлабки 6 ой давомида интенсив япон курслари ўқитилади. Кейин мутахассислик фанлари Япониянинг таълим дастури орқали онлайн тарзда ўқитила бошланади. Бу университетни ташкил этишдаги асосий мақсадларимиздан бири Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссамизни қўшиш бўлган.

















