Андижон вилояти ЙҲХБ Булоқбоши туманида саккизта автомобил иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берди.
Ҳодиса 10 октябр куни соат 09:40 атрофида Нефтчилар маҳалласининг Кончилар кўчасида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Нефтчилар — Кулла йўналишида ҳаракатланиб келаётган 48 ёшли Ў.А. бошқарувидаги тупроқ ортилган Howo юк машинасининг тормоз тизимида носозлик юзага келган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни йўқотган.
Юк машинаси қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Cobalt, Nexia, BYD Song Plus ва Nexia 2 автомобиллари, шунингдек, йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган Nexia 3, Damas ва Matiz билан тўқнашган. Бундан ташқари, кўча бўйида жойлашган дўконларга ҳам зарар етган.
ЙТҲ оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Howo ҳайдовчиси ва яна уч киши турли тан жароҳатлари билан туман шифохонасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.














