Аслида Ғозғон шаҳрининг довруғи азалдан дунёга кетган. Бу ердаги конлардан қазиб олинган, 35 хил рангни ўзида акс эттирган мармар маҳсулотлари дунёнинг кўпгина давлатларида муҳташам биноларга зеб бериб турибди.

Эрон, Туркия, Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон каби давлатларнинг тарихий обидаларини реставрация қилишда, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги метро бекатлари, вокзаллар, Останкино телеминораси, Киевдаги “Украина” саройи, Бакудаги 26-Баку комиссари ёдгорлиги, Новосибирскдаги цирк биноси, Бишкекдаги драма театри, Москвадаги Третьяков галереяси қурилишида Ғозғон мармари ишлатилган.


Мамлакатимиздаги музейлар, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, Ўзбекистон меҳмонхонаси, кўплаб меҳмонхоналар, сарой, музей ва бошқа объектларнинг безак ишларида Ғозғон мармаридан фойдаланилган.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, дунёда тузилиши жиҳатдан хилма-хил мармарнинг бир ҳудудда учраши фақатгина Ғозғон шаҳрида кузатилади. Айни вақтда ҳудудда 2 та йирик мармар кони ҳамда “Пашот I” ва “Галерян” каби гранит конлари бор. Ушбу конларнинг умумий ҳажми мармар бўйича 36 миллион м3ни, гранит бўйича 108,3 миллион м3ни ташкил этади. Бу мармар захираси Навоий шаҳри майдонидан қарийб 10 баробар, Ғозғон шаҳрининг ўз майдонидан эса қарийб 52 баробар катта дегани. Бундан ташқари, ҳудудда ҳали ўрганилмаган ва геология қидирув ишлари ўтказилмаган конлар ҳам кўп.

Алоҳида шаҳар мақомини олгач, Ғозғонда аста секинлик билан ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Айни дамда турли ташкилот ва бошқарув органларининг шаҳар бўлимлари учун маъмурий бинолари қурилмоқда, ички йўллар кенгайтирилиб, турли хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиляпти. Энг муҳими, ҳудудда шаҳарнинг “ташриф қоғози”га айланган “Мармаробод” табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш кластери иш бошлади.














