Ўзбекистон | 16:51 / 07.09.2021
26984
2 дақиқада ўқилади

Мусулмонлар идораси муфтий қай тартибда ва қанча муддатга сайланишини маълум қилди

Идора раисини Уламолар Кенгаши 5 йил муддатга сайлайди. Лавозим эгаси Ўзбекистон фуқароси, олий диний маълумотли, камида 10 йил ЎзМИ тизимида ишлаган, уламолар ва халқ орасида обрў-ишонч қозонган бўлиши лозим. Номзодлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтий лавозимига сайлов тартиби тўғрисида ахборот берди. Маълум қилинишича, ташкилот Низомининг тегишли бандига кўра, диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида 5 йил муддатга сайланади.

Ушбу лавозимга сайланаётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий диний маълумотли, камида 10 йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим.

“Айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур жараёнларнинг якуни тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий матбуотида эълон қилинади”, – дейилади расмий релизда.

Идора муфтий вазифасига ким сайланиши ва номзодлар ҳақида турли хабарлар “уламоларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказаётгани” сабабли ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатмасликка чақирди.

Kun.uz'нинг Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг фаолияти ва муфтий сайланиши тартиби юзасидан ўқувчиларига маълумот бериш мақсадида ташкилот Низомини сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Аввалроқ, идора ижтимоий тармоқларда муфтий тайинлангани ҳақида тарқалган хабарларга раддия берганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида даволаниш учун Москвага олиб борилган муфтий Усмонхон Алимов 15 август куни 71 ёшида оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Уламо 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаганди.

16 август куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги давлат расмийлари таъзияли хонадонда бўлиб, ҳамдардлик билдирди. Шу куни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида марҳумнинг жаноза намози ўқилган ва таъзия маросими бўлиб ўтган эди.

Мавзуга оид