Kun.uz манбасининг хабар беришича, Навоийда талаба бўла олмаган битирувчилар қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳужжат топширишга мажбурланмоқда. Хусусан, Зарафшон шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабида бу ҳолат очиқчасига амалга ошириляпти.  

Олдинроқ вилоят ХТБ “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига 30 та мактаб” лойиҳасини илгари сурган,унда ҳудуддаги 30 та мактабнинг битирувчилари 100 фоизлик натижа билан ОТМларга ўқишга киришига ҳаракат қилиниши ҳақида маълум қилганди. Мандат эълон қилингач, ушбу ваъда бажарилгани, вилоятдаги 30 та мактаб битирувчилари 100 фоизлик натижа билан талаба бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Ушбу мактаблар рўйхатида Зарафшон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ҳам бор.

Бироқ Kun.uz манбасига кўра, ушбу мактабнинг 7 нафар битирувчисидан 3 нафари талаба бўлган. Қолган 4 нафари эса тестлардан “йиқилган”. Эндиликда, “100 фоизлик натижа ва рейтингни” ушлаб қолиш учун мактаб директори талаба бўлолмаган битирувчиларни қўшни давлат ОТМларига ҳужжат топширишга мажбурлаяпти.  

Марат Шамуратов

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Навоий вилояти ХТБ бошлиғи Марат Шамуратов билан боғланди. ХТБ бошлиғига кўра, талаба бўлолмаган 3 нафар битирувчининг ота-онаси аввалига фарзандларининг Қирғизистондаги ОТМда ўқишига розилик билдирган. Аммо кейинчалик уларнинг фикри ўзгарган.

Бировнинг боласини мажбурлаб бўларканми? Бунақа ҳолатга йўл қўйилмайди. Аслида, ўқишга киролмаган 3 нафар битирувчи Қирғизистондаги ОТМда ўқишга розилик билдирган ва ўз ихтиёри билан ҳужжат топширган. Улардан 2 нафарининг шартнома пули мактаб директори томонидан, 1 нафариники эса ҳудуддаги Геология қидирув экспедицияси томонидан тўлаб берилмоқчи эди. Бироқ айрим сабабларга кўра, 2 нафар битирувчининг ота-онаси фикридан қайтди. Бироқ шартнома пулини тўлаб берса, уйида ўтириб онлайн ўқиса, бир йилдан кейин ўқишни Ўзбекистонга кўчирса, бунинг нимаси ёмон?” — дейди Марат Шамуратов.  

Битирувчилардан бири Нурлат Мирзамуратов эса Kun.uz билан суҳбатда ҳолатни бошқачароқ изоҳлаб, мактаб директорининг қистови сабабли Қирғизистондаги ОТМга ҳужжат топширишга розилик билдирганини маълум қилди.