Август ойининг бир ҳафтасини Туркия сафарига бағишладим. Туркиянинг олти шаҳри: Истанбул, Анқара, Кўниё, Каппадокия, Анталия ва Памуккале шаҳарларида бўлиб, мамлакатнинг анча жойини айланиб чиқдик. Европа ва Осиёни боғлаб турувчи, халқаро йўлак вазифасини ўтовчи мамлакатдан ўрганишимиз лозим жиҳатлар талайгина. Саёҳат қилиш қанчага тушиши, турк маданияти, бозорлари, аэропортлари ва бошқа муҳим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Аэропортдан аэропортгача

Бирор хориж мамлакатига борганда биринчи таассуротимиз, табиийки, ўша ернинг аэропорти билан боғлиқ бўлади. Мамлакат ҳақида илк баҳони аэропортдан бошлаймиз. Саёҳат давомида менда Ўзбекистон ва Туркия халқаро аэропортларини таққослаш имкони бўлди. Бунда бир нечта муҳим жиҳатларни санаб ўтиш керак.

Биринчидан, валюта айирбошлаш. Аэропортда сўмни долларга алмаштираман, деб ўйлагандим. Аммо адашибман. Халқаро аэропорт бўйича ягона (!) бўлган валюта айирбошлаш шохобчасига бориб, ходимга сўмни долларга алмаштирмоқчи эканлигимни айтдим. У бу ерда фақатгина доллар сўмга алмаштирилиши, агар сўмни долларга алмаштирмоқчи бўлсам, аэропортга яқин банкка соат 9.00 дан боришим мумкинлигини айтди. Истанбулга рейсимиз соат 7.40 да эди. “Шу ерда алмаштириб берақолинг”, деган илтимосимга “Биз айирбошлаш шохобчасимиз, банк эмас”, деган жавобни олдим. Эҳтимол, банк филиалини шу ерда ташкил қилиш қийин бўлса керак.

Сўнгра аэропорт ходимларидан бирига муаммомни айтганимда, ташқаридаги киракашлар алмаштириб беришларини айтди. Аэропорт ҳудудидан чиқиб, уларнинг олдига бордим ва 200 долларни алмаштириш учун банкдаги курсдан 150 минг сўм кўпроқ тўлашимга тўғри келди. Ҳам вақтим, ҳам нақдим, ҳам асабларимдан айрилдим. Долларни сўмга айлантириш мумкин бўлган жойда сўмни долларга айирбошлаш, наҳотки, иложсиз?

Туркия аэропортида ҳар қадамда айирбошлаш шохобчаларига дуч келасиз. Исталган мамлакат валютасини турк лирасига ёки аксинча; уйга кетишдан олдин ортиб қолган лирангизни ўзбек сўмига муаммосиз алмаштириб кетишингиз мумкин. Валюта алмаштирмоқчи бўлсангиз, бу ишни аэропортдан ташқарида, шаҳар ичкарисида амалга оширган маъқул. Чунки аэропортда курс пастроқ баҳоланади. Шунингдек, дам олиш кунлари турк лираси курси пасаяркан. Бу ҳолат дам олиш куни сайёҳлар оқими кўпайиши билан боғлиқ бўлса керак. Биздагига ўхшаб Туркияда ҳам банкларнинг валюта курсларида фарқ бор.