Жаҳон | 12:30 / 10.09.2021
10319
2 дақиқада ўқилади

Facebook тарихдаги илк “ақлли” кўзойнакни тақдим қилди

Facebook компанияси кўзойнаклар ишлаб чиқарувчи Ray-Ban компанияси билан бирга тарихдаги илк “ақлли” кўзойнак – Stories’ни тақдим қилди. Кўзойнак нархи 299 долларни ташкил қилади.

Ray-Ban Stories кўзойнаги АҚШ, Британия, Италия, Австралия, Ирландия ва Канадада 9 сентябрдан сотувга чиқарилган. Унинг қолган давлатлар бозорига чиқарилиши муддатлари ҳали маълум қилинмаган.   

Кўзойнак ўз гардишига ўрнатилган иккита 5 Мпли камера билан жиҳозланган. Кўзойнакда камералар сурат ёки 30 сониягача давом этувчи видеони олиш вақтида атрофдагиларни бундан огоҳлантирувчи ёруғлик-диодли индикатор ёнади. Кўзойнак бандларига мусиқа эшитиш ва овозли қўнғироқларни амалга оширишга имкон берувчи кичик ўлчамли карнай ва микрофонлар ўрнатилган. Қурилманинг техник кўрсаткичлари ошкор қилинмаган, бироқ у Snapdragon процессори билан жиҳозлангани маълум.

Ray-Ban Stories суратга олишни бошлаш учун тугмачага эга ва Facebook Assistant овозли буйруқларини қўллаб-қувватлайди. Қурилма ёрдамида олинган фото ва видеолар билан ишлаш учун Android ва iOS операцион тизимларида ишловчи смартфонлар учун Facebook View дастури кўзда тутилган.

Таъкидланишича, “смарт” кўзойнаклар турли линза ва гардишлар билан бирга 20 хил вариантда савдога чиқарилади.

Мавзуга оид