Ўзбекистон | 09:04 / 25.09.2021
7321
2 дақиқада ўқилади

Мансабдор шахс ёки давлат органига журналистни судга беришдан аввал ЎЖИУ хулосасини олиш мажбурияти белгиланиши мумкин

Мансабдор шахслар ёки давлат органларига журналистни судга беришдан аввал Журналистлар ижодий уюшмаси хулосасини олиш мажбурияти белгиланиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси 23 сентябрь куни ўтказилган давра суҳбатида маълум қилди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.

«Шундай таклиф тайёрладикки, унга кўра, мансабдор шахслар ёки давлат органларига журналистни судга беришдан аввал Журналистлар ижодий уюшмаси хулосасини олиш керак.

Агар уюшма ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан журналист касбий фаолиятига зид ҳаракат қилган деб топилса, уни судга бериш мумкин. Бу таклиф ҳозир тегишли органларда идораларда муҳокамада. Ўйлайманки, таклиф тез кунларда ўз ижросини топади», – деди Олимжон Ўсаров.

Унинг қўшимча қилишича, тез орада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳузурида ҳакамлик суди ҳам ташкил қилиниши мумкин.

«Бу орқали эса фуқаровий, ҳуқуқий ва бошқа муносабатларни ҳакамлар судида кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Масалан, Халқ таълими вазири журналистни судга берди. Бир икки марта суд мажлислари ўтказилди. Охирида у даъвосини қайтиб олди. Бундай ҳолатлар бошқа вазирликларда ҳам кузатилди. Шунинг учун ҳакамлар суди икки томонни яраштириш ёки муносабатларга аниқлик киритиш бўйича ишни кўриб чиқиши назарда тутилмоқда», – деди Ўсаров.

Мавзуга оид