Ўзбекистон | 14:56 / 27.09.2021
2083
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Nexia икки нафар пиёдани уриб юборди. Улардан бири вафот этди

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида Nexia ҳайдовчиси икки нафар пиёдани уриб юборган. Оқибатда улардан бири вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 21 сентябрь куни соат 21:30ларда Қўшработ тумани «Қўштамғали» маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтган йўлда одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

1975 йилда туғилган ҳайдовчи ўзига тегишли бўлган Nexia машинаси билан ҳаракатланиб келаётиб йўл четидан кетаётган икки нафар пиёдани уриб юборган. Оқибатда, пиёдалар Қўшработ тумани «Қўштамғали» МФЙда яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро воқеа жойида вафот этган. Шу маҳаллада яшовчи 1988 йилда туғилган иккинчи пиёда тан жароҳатлари олиб шифохонага жойлаштирилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Nexia ҳайдовчисининг кўзини рўпарадан келаётган машинанинг чироқлари қамаштирган. Бундан ташқари, у белгиланган тезлик меъёрларини бузган ҳолда ҳаракатланган. Шу сабабли у машина бошқарувини йўқотган ва йўл четига чиқиб кетиб, пиёдаларни уриб юборган. Шунингдек, пиёдалар ҳам йўлнинг қатнов қисмига туташ жойдан ҳаракатланаётган бўлган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қўшработ тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид